Инсон ҳуқуқ ва эркинлиги қонун ҳимоясида
Навоийда “Ўзбекистон Республикасида қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмининг моҳияти ва аҳамияти” мавзусида ҳудудий семинар ўтказилди.
Навоийда “Ўзбекистон Республикасида қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмининг моҳияти ва аҳамияти” мавзусида ҳудудий семинар ўтказилди.
Семинар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ташаббуси билан Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) Ўзбекистондаги лойиҳалари Координатори ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда прокуратура, ички ишлар, соғлиқни сақлаш ва халқ таълими тизимида фаолият юритувчи соҳа ходимлари ҳамда жазони ижро этиш муассасалари, тергов ҳибсхоналари ва махсус қабулхоналар, сурункали алкоголизм, гиёҳвандлик, руҳий касалликларга чалинганларни даволашга мўлжалланган ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасалари, етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар сақланадиган муассасалар ходимлари иштирок этди.
Семинарда маҳкумлар ёки қамоқда сақланаётган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинларини ҳимоя қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ҳамда аҳамияти, бунда Омбудсманнинг роли, унинг давлат органлари билан ҳамкорлиги хусусида сўз юритилди.
– Бугунги кунда Омбудсман тўғрисидаги қонунга ўзгартиришлар киритилган бўлиб, қийноқларнинг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича Омбудсманга кенг ваколатлар берилди, – дейди Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили – Омбудсман котибият мудири Саидбек Азимов. – Ушбу ўзгаришларни кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида илк маротаба ташкил этилаётган семинарда халқаро тажрибаларни инобатга олиб, миллий превентив механизмнинг ишлаб чиқилганини таъкидлаш жоиз. Шунингдек, қийноқларнинг олдини олиш соҳасида Омбудсманнинг нафақат жазони ижро этиш муассасалари, балки ижтимоий, яъни, фуқароларнинг ўз ихтиёри билан тарк эта олмайдиган муассасаларини ҳам қамраб олиши назарда тутилмоқда.
Шунингдек, иштирокчиларни ушбу соҳада амалда бўлган халқаро ҳуқуқий нормалар ва стандартлари, яъни, БМТнинг қийноққа солишга ва муомалада бўлиш ҳамда жазолашнинг бошқа шафқатсиз ғайриинсоний ёки қадр-қимматини таҳқирловчи турларига қарши конвенциясидан хабардор қилиш юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилди.