Инсон тақдирига дахлдорлик масъулияти
Бугун ижтимоий ҳимоя тизими фақат моддий ёрдам кўрсатиш билан чекланиб қолмай, инсон қадрини улуғлаш, уни жамият ҳаётига фаол жалб этиш ва янги имкониятлар яратиш тамойили асосида ривожланмоқда. Бу жараёнда маҳалла ижтимоий ходими аҳоли муаммоларини ўрганиб, манзилли ёрдам кўрсатиш орқали ижтимоий адолат ва меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Бухоро вилояти Вобкент туманининг Сўфидеҳқон маҳалласида 3 минг 200 дан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Ҳудудда аҳолининг турли қатламлари билан тизимли ишлаш, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлашда ижтимоий ходимнинг ўрни муҳим аҳамият касб этади.
[gallery-27605]
Маҳаллада ижтимоий ходим Муҳтарама Абдуллаева томонидан амалга оширилаётган ишлар аҳоли муаммоларини чуқур ўрганиш ва амалий ёрдам кўрсатишга қаратилган. Илгари “Камбағал оилалар реестри”да 44 та оила рўйхатда турган бўлса, манзилли ижтимоий хизматлар натижасида 12 та оила реестрдан чиқарилди. Бу “маҳалла еттилиги”нинг ҳамкорлиги ва ҳар бир оила билан индивидуал иш олиб борилаётганидан далолат беради.
Маҳаллада 82 нафар ногиронлиги бўлган шахс истиқомат қилади. Уларнинг ижтимоийлашуви, протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация техник воситалари билан таъминланиши, бандлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шунингдек, 6 нафар етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болага васийлик тайинланиб, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояси таъминланди. 6 нафар якка-ёлғиз кекса доимий ижтимоий хизмат билан қамраб олинган. 7 нафар алоҳида таълим эҳтиёжи бўлган бола эса таълим жараёнига жалб этилди.
ЎзА фотомухбири
Тоҳир ИСТАТОВ олган суратлар