Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 сентябрдаги “Кекса авлод вакилларининг жамиятдаги ўрни ва ижтимоий фаоллигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Навоий вилоятининг Навбаҳор туманида ҳам кенг кўламли тадбирлар олиб борилмоқда.
“Кексалар ҳафталиги” доирасида Навбаҳор туман ҳокимлиги, туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими масъул ходимлари ҳамда туман тиббиёт бирлашмасининг малакали шифокорлари “Сарбозор” маҳалла фукаролар йиғинида яшовчи пиру бадавлат нуронийлар Олтин бобо ва Муҳаррам ая хонадонида бўлди.
Олтин бобо 45 йил “Навоийазот” бирлашмасининг аммиак цехида опрератор бўлиб ишлаган бўлса, Муҳаррам ая 40 йил мобайнида тумандаги 14-умумтаълим мактабида она-тили ва адабиёт фанидан ёшларга сабоқ берган. Бу икки нуроний отахон ва онахон бундан 55 йил олдин турмуш қурган эди. Ҳаётнинг “аччиқ-чучуги”ни бирга баҳам кўришган Олтин бобо билан Муҳаррам ая 4 нафар фарзандни тарбиялаб вояга етказди. Бугун фарзандлар юртимизнинг ҳар томонлама ривожига муносиб ҳиссаларини қўшиб келмоқда.
80 ёшни қаршилаган Олтин бобо ва 76 ёшли Муҳаррам ая невара ва абиралар ардоғида кексалик гаштини суриб келмоқда.
Масъуллар улар ҳолидан хабар олиб, дилдан суҳбат қурди. Шифокорлар уларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказди. Нуронийларга озиқ-овқат маҳсулотлари топширилди.
Туманда ҳафталик доирасида учрашувлар, кўрик-танловлар, расмлар кўргазмаси, китобхонлик акциялари, давра суҳбатлари ташкил этилиб, пенсионер, якка, ёлғиз кексалар ҳолидан хабар олинмоқда ва чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилмоқда. Уларнинг уй-жой, маиший муаммоларини ҳал этишга кўмаклашилмоқда ва зарур озиқ-овқат маҳсулотлари тақдим этилаяпти.


Абдували Бўриев, ЎзА