Инсон соғлом бўлса, ишида ҳам унум бўлади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрдаги «Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ижросини таъминлаш ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ходимларнинг жисмоний фаоллиги орқали меҳнат унумдорлиги ва иш фаолиятининг самарадорлигини ошириш мақсадида Давлат хизматлари агентлиги Хоразм вилоят бошқармаси томонидан спорт мусобақалари ташкил қилинмоқда.
Бу гал Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси, туман (шаҳар) Давлат хизматлари марказлари, вилоят адлия бошқармаси ва туман (шаҳар) адлия бўлими ходимлари иштирокида спортнинг минифутбол тури бўйича мусобақа ўтказилди.
Мусобақа финалида Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси жамоаси вилоят адлия бошқармаси жамоаси дарвозасига ғалаба тўпини киритиб, мусобақа кубогини қўлга киритди.
Бугунги мусобақа орқали ҳамкасблар билан соғлом рақобатда беллашдик. Спорт – инсоннинг руҳан ва жисмонан етук бўлишида катта аҳамият касб этади. Биз нафақат ақлан, балки қалбан, фикран ва жисмонан соғлом бўлишимиз керак. Агар инсон соғлом бўлса, ишида ҳам унум бўлади –дейди Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси бош маслаҳатчиси Т.Бектемиров.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ўтказилаётган бу каби спорт мусобақалари, ходимлар саломатлигини мустаҳкамлашда, уларнинг меҳнат самарадорлигини оширишда ҳамда идоралараро ҳамкорликни нафақат иш фаолияти бўйича балки спорт соҳасида ҳам йўлга қўйишда муҳим аҳамият касб этади.