Мамлакатимиз аҳолиси орасида ортиқча вазн ва семиришнинг тарқалганлик даражаси бугунги кунда 56,4 фоизни ташкил этади. Бу эса аҳолининг носоғлом овқатланиш, трансёғларнинг организмга салбий таъсири, шакар ва тузни ортиқча истеъмол қилиш, шунингдек етарлича бўлмаган жисмоний фаоллик тўғрисида паст даражадаги хабардорлигидан далолат беради.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги кўмагида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун “Соғлом овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи тамойиллари” мавзусида семинар ташкил этилди. Тадбир давомида иштирокчилар соғлом турмуш тарзининг асосий тамойиллари билан яқиндан танишди.
Мулоқот давомида тамаки ва алкоголни истеъмол қилиш, айниқса ёшлар орасида электрон сигареталар ва қиздириладиган тамаки маҳсулотлари чекишнинг кенг тарқалаётгани ҳамда уларга қарши курашиш бўйича давлат томонидан кўрилаётган қонунчилик чоралари муҳокама қилинди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан тавсия этилган соғлом овқатланишнинг асосий тамойиллари ҳақида маълумотлар тақдим этилди.
Қайд этилишича, Ўзбекистонда ҳар йили барча ўлим ҳолатларининг 78 фоизи юқумли бўлмаган касалликлар туфайли юз бермоқда. Айниқса, 30-69 ёшдаги эрта ўлим сабаблари структурасида биринчи ўринни қон айланиш тизими касалликлари, шу жумладан юрак ишемик касаллиги, артериал гипертония ва унинг асоратлари (миокард инфаркти, инсульт ва б.) эгаллайди. Юқумли бўлмаган касалликларга олиб келиш сабабларидан бири нотўғри овқатланишдир.
Халқаро олимлар томонидан одатий таомномадан соғлом турмуш тарзига ўтиш ўрта ёшли одамнинг умрини 10 йилга узайтириши аниқланган. Витамин ва минералларга бой таомларни ўз вақтида, меъёридан ортиқ бўлмаган даражада истеъмол қилиш саломатлик учун қилинган энг яхши ёрдам ҳисобланади.
Мутахассисларнинг сўзларига кўра, инсон соғлиги учун чекиш, алкогол истеъмол қилиш, ёғ ёки қандни кўп ейиш билан боғлиқ носоғлом овқатланиш, кам жисмоний фаоллик ва тана вазни индекси бўйича ҳисобланган ортиқча вазн каби бешта асосий хавф бор.
Шунингдек, ЖССТ катталар бир кунда 2,0 литрдан 2,5 литргача сув истеъмол қилишини тавсия қилади. Иссиқ иқлим шароитларида, жисмоний машқлар бажаришда ва турли касалликларда кўпроқ сув истеъмол қилиш мақсадга мувофиқ. Таркибида қанд-шакар бўлган ичимликларни сув билан алмаштириш лозим.
Семинар сўнгида иштирокчилар соғлом турмуш тарзига оид саволларига жавоб олди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА