Инсон саломатлиги ва экология
Тошкент тиббиёт академияси Урганч филиалида ўтказилган халқаро илмий-амалий видеоанжуманнинг мавзуси ана шундай номланди.
Анжуманда Ибн Сино фонди раиси Н.Маҳмудов, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси кенгаши раиси ўринбосари Ф.Мамаджанова, Ўзбекистон нодавлат тижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Кенгаши раиси Н.Алимов, Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари С.Салаев, профессор-ўқитувчилар, клиник-ординаторлар ҳамда талаба-ёшлар иштрок этди.
Ибн Сино фонди кўмагида ташкил этилган халқаро анжуманда дунёнинг кўплаб мамлакатларидан, жумладан, Исроил, Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Туркия ва бошқа мамлакатларнинг таниқли олимлари Абу Али Ибн Синонинг дунё тиббиёти ривожига қўшган ҳиссаси, шунингдек, инсон саломатлиги ва экологиянинг долзарб масалаларига бағишлаб “Онлайн” тарзда маъруза қилди.
– Бу каби анжуман бугунги куннинг энг долзарб муаммоларидан бири – аҳоли саломатлиги ва экология масалаларининг илмий ечимларини аниқлашга жуда катта ёрдам беради, – дейди Тошкент тиббиёт академияси Урганч филиали директори Рашид Рўзибоев. – Дунё тиббиётининг ривожига катта ҳисса қўшган аждодимиз Абу Али Ибн Сино меросини ўрганиш бу борада изланиш олиб бораётган ёш олимлар учун жуда катта мактабдир.
Анжуман доирасида “Соғлом турмуш тарзи”, “Замонавий тиббиёт ва экология”, “Абу Али Ибн Сино: тиббиёт, халқ табобати ва фармацевтика” каби маърузалар шўбаларга ажралган ҳолда тингланди.
Аҳмаджон ШОКИРОВ, ЎзА