Инсон ресурсларини ривожлантиришда ҳамкорлик
Самарқандда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатларнинг инсон ресурсларини ривожлантиришга масъул идоралари раҳбарларининг II йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда мазкур ташкилотга аъзо давлатлар – Ўзбекистон, Озарбайжон, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистоннинг инсон ресурсларини ривожлантиришга масъул идоралари, юртимиздаги вазирлик, идоралар, ҳокимликларнинг кадрлар билан ишлаш бўлинмалари раҳбарлари, хорижий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Туркий давлатлар ташкилотига аъзо ва кузатувчи давлатларнинг инсон ресурсларини ривожлантиришга масъул идора ва ташкилотлари раҳбарларининг I йиғилиши 2022 йил июль ойида Туркия Президенти ҳузуридаги Инсон ресурслари офиси томонидан Истанбул шаҳрида ўтказилган эди. Мазкур йиғилишда Ташкилот доирасида ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш, бу каби учрашувларни ҳар йили аъзо мамлакатларнинг бирида ўтказишга келишиб олинганди. Иккинчи учрашув жойи сифатида эса 2023 йилда Туркий давлатлар ташкилотига раислик қиладиган Ўзбекистон танланганди.
Иккинчи йиғилиш аввалида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Отабек Ҳасанов ва Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби ўринбосари Сади Жафаров сўзга чиқиб, мазкур тадбирнинг аҳамиятига тўхталди.
– Мустаҳкам тарихий ришталар, ўхшаш тил, муштарак маданият ва маънавий қадриятлар асосида шаклланган Туркий давлатлар ташкилоти минтақавий ҳамкорликнинг самарали механизмига айланди, – деди Отабек Ҳасанов. – Бугунги кунда ташкилотга аъзо давлатларни дўстлик ва ўзаро ишончдан ташқари ўзаро манфаатли шекриклик ҳам боғлаб турибди. Долзарб ва глобал муаммоларга ечим топишда ўзаро яқин қараш ва ёндашувларга амал қилиб келинмоқда. Хусусан, кадрлар сиёсати, инсон ресурсларини бошқариш ва уларни ривожлантириш борасидаги ҳамкорлик ташкилотнинг улкан салоҳиятини рўёбга чиқариш ва мустаҳкамлашга хизмат қиладиган муҳим йўналиш ҳисобланади.
Олимларнинг таҳлилига кўра, кейинги беш йилда салоҳиятли ва профессионал кадрларга талаб давлат хизматида ҳам, хусусий секторда ҳам ошади. Бундай шароитда ҳар бир давлат бу соҳада ўз сиёсатини янгилаб боради. Чунки, янги, рақамлашган авлод бозорга кириб келяпти. Уларнинг қарашлари ва шартлари ҳам бошқача. Биз бу замонавий кадрларга салоҳиятини намоён қилиши, давлат ва жамият ҳаётида фаол иштирок этиши учун имконият яратиб беришимиз лозим. Шу нуқтаи назардан, бугунги йиғилишимиз давлат хизматини ривожлантиришда салоҳиятли кадрлар захирасини шакллантириш, истеъдодли шахсларни давлат хизматига жалб қилишнинг замонавий ва самарали механизмларини жорий этиш масалаларини муҳокама қилиш ва ўзаро ҳамкорлик учун қулай майдон яратишга қаратилгандир.
О.Ҳасанов, шунингдек, ўз сўзида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида давлат фуқаролик хизмати тизимини илғор хориж тажрибаси асосида ислоҳ қилишга алоҳида эътибор қаратилаётгани, ўтган йил август ойида “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун қабул қилингани ҳамда Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг фаолияти ҳақида маълумот берди.
– Ташкилотга аъзо давлатлар қадрлар сиёсатига масъуллар ўтган йили Истанбулда йиғилиб, инсон ресурсларини ривожлантиришда ўзаро тажриба алмашиб, ҳамкорлик бўйича келишувларга эришган эди, – дейди Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби ўринбосари Сади Жафаров. – Ўтган йилги йиғилиш қарорлари ва эришилган натижалар асосида бу гал Самарқандда учрашиб, долзарб масалаларни муҳокама қиляпмиз. Бу жараёнда Ўзбекистон тажрибаси ўрганилмоқда. Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ташкил этилганига ҳали кўп вақт ўтмаган бўлса-да, инсон ресурсларидан самарали фойдаланиш ва уларни бошқаришда юқори натижаларга эришилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев белгилаб берган “Давлат органлари халққа хизмат қилиши керак!” деган тамойил давлат хизматчилари олдига қўйиладиган асосий талаблардан бири ҳисобланади. Ва бу ўзини оқлаяпти, деб айтишга асослар бор.
Йиғилиш ва унинг доирасидаги сессияларда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатларнинг инсон ресурсларини бошқариш ва ривожлантириш бўйича раҳбарлари ўз тажрибалари юзасидан тақдимотлар қилди. Кадрлар сиёсати ва давлат хизматидаги замонавий трендлар, янги ғоялар ва ёндашувлар муҳокама қилинди. Раҳбар кадрлар захирасини шакллантириш ва у билан самарали ишлаш, истеъдодли шахслар, хусусан, ёшларни давлат хизматига кенг жалб қилиш бўйича ўзаро тажриба алмашилди. “Замонавий давлат бошқаруви шароитида раҳбар кадрларнинг салоҳиятини оширишнинг долзарб масалалари” мавзусида давра суҳбати ташкил этилиб, давлат хизмати соҳасида олиб борилаётган халқаро ва минтақавий тадқиқотларнинг натижалари таҳлил қилинди.
– Бундай учрашувлар кадрлар сиёсатини олиб борувчи тузилмаларнинг ўзаро тажриба алмашиши учун катта имконият бўлмоқда, – дейди Қирғиз Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат хизмати ва маҳаллий ҳокимият ишлари бўйича агентлик директори Кудайберган Базарбаев. – Хусусан, бизда Ўзбекистондаги маҳалла бошқарув тизими катта қизиқиш уйғотган. Бошқарувнинг мазкур бўғинида одамларнинг турмуши билан боғлиқ барча масалалар маҳалланинг ўзида ҳал этилади. Бу органда фаолият олиб борадиган “бешлик” эндиликда “еттилик”ка айлантирилаётгани, ижтимоий ходим ва солиқчи ҳам шу ерда фаолият олиб бориши маҳалланинг ваколатларини кучайтиради.
[gallery-14171]
Йиғилиш доирасида икки томонлама учрашув ва музокаралар ҳам ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги раҳбарияти Қирғиз Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат хизмати ва маҳаллий ҳокимият ишлари бўйича агентлиги директори Кудайберген Базарбаев, Туркия Республикаси Президенти ҳузуридаги Инсон ресурслари офиси раҳбари Салим Атай, Қозоғистон Республикаси Давлат хизмати ишлари бўйича агентлиги раисининг ўринбосари Азамат Жолманов билан музокаралар олиб борди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Озарбайжон Республикаси Давлат имтиҳон маркази ҳамда Давлат хизмати соҳасидаги Остона минтақавий хаби билан ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар имзолади.
Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари