Инсон ресурслари: муаммолар, ечимлар, истиқболлар
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Самарқанд давлат университети ва “Novateur Publication” нашриёти билан ҳамкорликда 2021 йил 11-12 февраль кунлари шу мавзуда халқаро илмий-амалий конференция ўтказилади.
Анжуманда инсон ресурсларини бошқариш бўйича мамлакатимиз ва дунёнинг етакчи мутахассислари томонидан Ўзбекистонда камбағалликни камайтиришнинг долзарб муаммолари кенг муҳокама қилинади.
Zoom платформасида ўтказиладиган конференцияда дунёнинг 36 давлатидан жумладан, Индонезия, Малайзия, Хитой, Покистон, Россия, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Италия, Босния ва Герцоговина, Франция, Португалия, Руминия ва бошқа мамлакатлардан 100 дан ортиқ етакчи олимлар ва мутахассислар қатнашиши кутилмоқда.
Конференцияда таълим соҳасида ва инсон ресурсларини бошқариш бўйича мутахассислар ҳамда барча хоҳловчилар қатнашишлари мумкин.
Конференцияда қуйидаги масалалар муҳокама қилинади:
Олий таълимни ривожлантириш муаммолари, касбий ўқитиш, аҳолини қайта тайёрлаш;
Инсон ва меҳнат салоҳияти: инсон капиталининг шаклланиши, ривожланиши ва ундан фойдаланиш.
Ёш авлоднинг ижтимоийлашув муаммолари;
Инсон ва меҳнат ресурслари, меҳнат бозори ва ижтимоий-меҳнат муносабатларининг ривожланиш муаммолари;
Ўз-ўзини банд қилиш ва кичик бизнес тадбиркорлигини ривожлантириш;
Камбағалликни қисқартиришнинг долзарб масалалари.
Конференцияга Ўзбекистоннинг етакчи мутахассислари ҳамда хорижий мутахассислар, вазирлик ва қўмиталар вакиллари, тадбиркорлар, сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ҳамда ёш олимлар таклиф этилади.
Самарқанд давлат университети Ахборот хизмати