Инсон қадри ва манфаати ҳамма нарсадан устун
Янги Ўзбекистонимизда кейинги йилларда олиб борилаётган инсонпарварлик сиёсати ва унинг дунё ҳамжамиятида ҳам эътироф этилаётгани барчамизни бирдай қувонтиради, ғайратимизга-ғайрат, шижоатимизга-шижоат қўшади.
Шу юртда яшаётган ҳар бир инсон тинч ва бахтли ҳаёт кечириш, саломат бўлиши учун даволаниш, мукаммал таълим олиш учун ўқиш, меҳнат қилиш ва оиласини тебратиш ҳуқуқларига эга. Бунинг учун мамлакатимизда барча шароитлар яратилган. Буни давлатимиз раҳбари ташаббуси билан “Инсон қадри учун” тамойили асосида амалга оширилаётган ислоҳотлар мисолида кўриш мумкин.
Халқ депутатлари Жиззах шаҳар Кенгаши депутати сифатида менга ишонч билдирилиб сайланган ҳудуддаги қуйи қатлам тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш Жиззах шаҳар бўлими фаолиятини ўрганим. Шу ўринда бўлимда фуқаролар мурожаатларини ўз вақтида ва адолатли кўриб чиқилишига, фуқаролар билан ишлашни тизимли равишда ташкил этилишига, ҳар бир мурожаатга жиддий ёндошилганига, мурожаат қилиб келган фуқароларни тинглаш жараёнида уларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш тизимли йўлга қўйилганлигига гувоҳ бўлиб, кўнглим тоғдек кўтарилди.
Куни кеча Жиззах вилояти тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш Жиззах шаҳар бўлими бош мутахассиси Жамила Ропиева билан биргаликда менга ишонч билдириб, депутат этиб сайлаган ва ҳоким ёрдамчиси сифатида мен фаолият олиб бораётган Жиззах шаҳридаги “Шодлик” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, ишни “хонадонбай” тизимида ташкил этдик. Ушбу маҳаллада истиқомат қилувчи ўзгалар кўмагига муҳтож кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами хонадонларига уйма-уй кириб, ҳолидан хабар олдик.
[gallery-10407]
Фуқароларнинг табиий газ ва электр таъминоти аҳволи билан, яшаш шароити билан яқиндан танишдик. Баъзи юзага келган камчиликларни ён дафтаримга қайд этиб, шу куниёқ мутасадди идора раҳбарлари билан боғландим. Телефон орқали ҳал бўлмаган баъзи муаммоларни зудлик билан бартараф этиш мақсадида депутат сўровлари жўнатдим.
Бир муддат аввал маҳаллага бириктирилган ҳоким ёрдамчиси сифатида ўрганиш чоғимда, “Шодлик” МФЙда яшовчи 5 нафар сайловчиларимнинг мурожаатлари ҳам ўзининг ижобий ечимини топди, яъни маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари билан ҳамкорликда ногиронлиги бўлган 5 нафар шу маҳалла фуқаросига электр юритмали ногиронлар кресло-аравачаларини топширдик.
Бу аравачаларни олган инсонларнинг кўзлари чақнаб, қувонч ёшларини кўриб кам бўлсада ёрдамим текканидан шу қадар шодландимки, буни оддий сўзлар билан ифодалаб бера олмайман. Энг муҳими, буларнинг барчаси Президентимиз ташаббуси, саъй-ҳаракатлари, давлатни оқилона бошқаруви, халқпарвар сиёсат олиб бораётганликлари туфайли амалга оширилмоқда. Мамлакатимизда инсон қадри ва унинг манфаати ҳамма нарсадан устун эканлигининг яққол исботидир.
Абдулазиз ХУЖАКОВ,
Жиззах шаҳар Кенгаши депутати,
шаҳар ҳокими ёрдамчиси
ЎзА