Инсон қадри улуғланган ҳужжат
Миллий давлатчилигимизнинг Бош қонуни инсонни инсон сифатида яшаши, эркин фикрлаши, жамиятдаги ислоҳотларда бевосита иштирокини таъминловчи муҳим ҳужжатдир.
Конституциямизнинг қоида ва тамойиллари асосида жамиятимизнинг сиёсий-ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий қиёфаси, одамларимизнинг дунёқараши бутунлай ўзгаргани, ҳар бир юртдошимиз мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш билан яшаётгани қувонарли, албатта.
“Навоий кон-металлургия комбинати” акционерлик жамияти бўлинмалари орасида муносиб ўринга эга Шимолий кон бошқармасининг кўпмиллатли жамоаси ҳам Конституциянинг ҳаётбахш қудрати ва улкан салоҳияти сабаб эркин, обод ва фаровон ҳаёт – Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида фидокорона меҳнат қилмоқда. Халқлар дўстлигининг намунаси амалда ўз исботини топган корхонада замон билан ҳамнафас, ҳамқадам одимлаётган мутахассислар, ишчи-ходимлар томонидан техник ва технологик модернизация жараёнлари олиб борилмоқда.
Энг олий қадрият инсон, унинг ҳаёти, қадр-қиммати тўғрисидаги тамойил бош Қомусимизда мустаҳкамлаб қўйилганлиги сабаб бугун мамлакатимизда ҳукм сураётган сиёсатнинг асл мақсади ва мазмуни ҳам ана шунда: ҳар бир инсон умид билан яшар экан, эртага, индин ёки ундан кейин эмас, ҳозир, шу бугун ниятига етиши, умридан, ҳаётидан, ҳар бир кунидан рози, мамнун бўлиши керак. Чунончи, бахтли одамларгина дунёни янгилашга, ўзгартиришга қодир.
Аслида ўзгаришлар бўлаверади, аммо уни ўз ҳаётида кўрса, шундай шароитда яшаса инсон буни ҳис этади, ҳақиқатларга ишонади. Шимолий кон бошқармасида ишлаётган 10 минг нафардан зиёд ишчи-ходимнинг бугунги кунидан рози бўлиб яшаши, уларга муносиб меҳнат шароитларини яратиш учун қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, корхонага қарашли 9 та оилавий ва эркаклар ётоқхонасида 1500 нафардан зиёд ишчи-ходимлар истиқомат қилади. Ётоқхоналарнинг 3 тасига оилавий ётоқхоналар мақоми берилган бўлиб, унда 244 та ишчининг оиласи яшайди.
2021 йилнинг ўзида ётоқхоналарни мукаммал ва жорий таъмирлаш учун қарийб 7 миллиард 741 миллион сўм маблағ ажратилди. Ишчи-ходимларга қулай шарт-шароит яратиш мақсадида хизмат кўрсатадиган маиший бино тўлиқ таъмирланиб, фойдаланишга топширилди. ШКБга қарашли “Шарқий” кони, Автомобиль транспорт бошқармаси, Темир йўл цехида хизмат қилаётган бир ярим мингдан зиёд ишчи-ходимга хизмат кўрсатадиган бу бинога қарийб 4 миллиард сўмлик маблағ сарфланди.
Хулоса ўрнида таъкидлаш ўринлики, юртимизда амалга оширилаётган ҳар бир ислоҳот замирида инсон манфаатлари бирламчи ва шу мақсадда белгиланган чора-тадбирларни ҳаётга татбиқ этишда давом этаверамиз.
Неъматулла Ахадов,
Шимолий кон бошқармаси директори
ЎзА