Инсон қадр-қиммати билан азиз
Кейинги йилларда мамлакатимиз маҳаллаларининг қиёфаси ҳам, уларнинг вазифа ва миссияси ҳам илгари мутлақо тасаввур этилмаган тарзда ўзгариб кетди, десак муболаға бўлмайди.
Бу эса бундан беш-олти йиллар аввал янгиланиш палласига қадам қўйган Ўзбекистонимизда оддий одамларнинг дарду ташвишлари, муаммолари, ўй-хаёлларини ўрганиш, чуқур тахлил этиш, уларга тезкор ва оқилона ечим топишдек умуммиллий миқёс касб этган ибратли саъй-ҳаракатлар билан узвий боғлиқ экани аниқ.
Аслида мамлакатимиз етакчиси ташаббуси ва шахсий намунаси асосида илгари сурилган бу ғоя асосида вазирлик ва идоралар, ташкилотлар раҳбарларининг ҳашаматли бинолардаги кабинетларини юртимизнинг олис-олис ҳудудларига, чекка қишлоқларга, маҳаллаларга, оддий одамлар орасига кўчирди.
Ҳамюртларимизни эса ижтимоий, маънавий, ҳуқуқий, иқтисодий жабҳаларга оид минглаб муаммолар қийнаб келаётгани аниқ бўлди. Оддий одамлар ҳаёти эса ўзи туғилиб ўсган, бугунги кунда истиқомат этаётган маҳаллалар билан узвий боғлиқдир. Ўз-ўзидан аёнки, маҳаллаларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти, мавқеи ва моҳиятини янада такомиллаштириш бўйича қонуний асослар яратилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 февралдаги “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда 2020 йил 19 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида“ги қарорига асосан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил этилди.
Бу яна бир маъмурий-ташкилий тузилма эмас, балки маҳаллаларнинг жамият, халқ, умуман, ижтимоий-маънавий ҳаётимиздаги аҳамиятини кескин даражада ортишига хизмат қилувчи амалий ва натижадор ҳужжат бўлди, десак янглишмаймиз.
Мутасадди ташкилот вакиллари, маҳалла фаоллари ўзаро ҳамжиҳатликда ҳар бир оиланинг, ҳар бир инсоннинг дарду ташвишларини уйма-уй, хонадонма-хонадон, махаллама-махалла юриб, батафсил ўрганишга астойдил киришмоқдалар. Ижтимоий аҳволи ҳаминқадар, ҳужжатлари мутлақо чалкаш, фуқаролик ҳолатида ноаниқликлар ўта чигал тус олган, саломатлиги, ишсизлиги, таълим олишида тезкорлик билан ҳал этиш зарур бўлган ҳамюртларимиз бир эмас, юз эмас, анчагина экани аниқ бўлди.
Давлатимиз раҳбари мамлакатимизнинг исталган ҳудудига борган чоғи энг аввало маҳалла, мактаб, оддий хонадонлар, мушфиқ аёл-қизлар, оддий оилалар, нуронийлар аҳволидан биринчи галда хабар олиши, уларни жуда синчковлик билан ўрганиши бежиз эмас. Зеро, жамиятнинг асосий қатламига оид энг долзарб ва кечиктириб бўлмас ғоялар, ҳаётий ташаббуслар айни шундай самимий учрашувлардан илдиз олмоқда.
Маҳалла мутасаддиларининг ваколатини кенгайтириш, фуқаролик йиғинларидаги тинчлик ва осойишталик, ижтимоий барқарорликни таъминлаш, одамларни тайинли иш билан банд этиш, жилла қуриса, уларни жамоатчилик асосидаги фойдали меҳнатга жалб этиш, оғир ижтимоий аҳволдаги аёл ва қизларга кўмакчи бўлиш, маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантиришга оид амалий ташаббуслар ҳаётга фаол жорий этилмоқда. Ўз юртида уйсиз, дарбадар юрган, мураккаб вазиятларда қолган юртдошларимизга, оғир аҳволдаги аёлларга амалий ёрдам кўрсатилмоқда. Кимдир ўз тадбиркорлик ишини муваффақиятли бошлаб олди, кимдир беморни даволаниши билан боғлиқ сансалорлик барҳам топганига ўзи ишонч ҳосил қилди. Биров ишли бўлди, қайсидир оила жар ёқасидан қутқариб қолинди.
Йиллар мутасаддиларнинг қадами етмаган, боз устига маҳалла аҳли беҳафсалалик билан қараган барбод маҳаллалар эндиликда тегишли ижтимоий дастурлар асосида “Обод қишдоқ“, “Обод маҳалла“га айланмоқда.
“Аёллар“, “Ёшлар“ , “Темир“ дафтарлари аҳолига аниқ, манзилли, инсофли кўмакнинг яққол намунасини кўрсатиб турган улкан ижтимоий ахамиятга молик лойиҳага айланди. Барча долзарб масалалар,одамларни ўйлантираётган муаммолар тизимли, босқичма-босқич, пухта ўрганилган ҳолда ечим топиб бормоқда. Аслида кундалик турмушда муаммо дегани ҳар куни, ҳар лаҳзада қайнаб, тошиб чиқаверади. Ҳаётнинг ўзи уларни галма-гал олдинга сураверар экан, муаммоларсиз яшамоқнинг иложи йўқлиги кундек равшанлиги барчамизга аён.
2022 йилнинг “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили“ деб эълон қилиниши ҳам бу каби долзарб масалаларга тезроқ ечим топишдек улуғвор мақсадларни кўзлаши билан аҳамиятлидир. Йил аввалиданоқ, “Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчилари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида“, “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида“ги қарорлар ижросига астойдил киришилди.
Мамлакат етакчиси маҳаллабай ишлашнинг янги тизимини йўлга қўйиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича 2022 йилдаги устувор вазифаларни белгилаб берди. Пойтахт маҳаллалари мисолида Ўзбекистонннинг барча фуқаролик йиғинлари фаолиятига доир масалалар олиб чиқди. Жамоатчилик эътиборига ҳавола этилди. Маҳалланинг фаол ва фидойиларини янада фаоллика ундовчи бу каби ташаббусларрнинг барчаси эса инсон учундир!
Назокат Усмонова, ЎзА