Инсон хотираси муқаддасдир
Мустабид тузум даврида қатағонга учраган аждодларимиз хотирасини абадийлаштириш, уларнинг фаолияти ва меросини ўрганиш ҳамда тарғиб этиш борасида бир қатор хайрли ишлар амалга оширилмоқда.
Фармойиш ва ижро
Мустабид тузум даврида қатағонга учраган аждодларимиз хотирасини абадийлаштириш, уларнинг фаолияти ва меросини ўрганиш ҳамда тарғиб этиш борасида бир қатор хайрли ишлар амалга оширилмоқда.
Президентимизнинг жорий йил 8 октябрдаги “Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойиши мустабид тузум томонидан қатағонга учраган элпарвар ўғлонлар, илм-фан, адабиёт вакиллари, оддий касб эгалари бўлган минглаб юртдошларимизнинг номларини абадийлаштириш, уларнинг матонати ва жасорати мисолида ёш авлодимизни Ватанга садоқат ва муҳаббат руҳида тарбиялашда янада муҳим аҳамият касб этади.
Мазкур фармойишда кўзда тутилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Маҳалла ва оилани қўллаб- қувватлаш вазирлиги томонидан Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги “Шон-шараф” давлат музейида “Инсон азиз – хотира муқаддас” мавзуида тадбир ўтказилди.
Тадбирда суронли йилларни бошларидан кечирган бир гуруҳ нуроний отахон ва онахонлар, уруш ва меҳнат фахрийлари, илм-фан ва санъат намояндалари билан бирга ёшлар иштирок этди.
Тадбир қатнашчилари дастлаб Президентимиз ташаббуси билан II жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллигига бағишлаб Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида бунёд этилган “Ғалаба боғи” экспонатлари билан танишди. Машъум уруш туфайли 5 нафар ўғлидан айрилган Зангиота туманилик Зулфия ая Зокировага атаб бунёд этилган хайкал пойига гуллар қўйилди.
“Илҳақ” бадиий фильмида Зулфия ая Зокирова сиймосини гавдалантирган таниқли ижодкор, Ўзбекистон халқ артисти Дилором Каримова ҳамда Зулфия аянинг эвараси Фарҳод Маҳаммаджонов мамлакатимизда инсон хотирасини ардоқлаш йўлида эзгу ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
Тадбирда иштирокчиларга “Шон-шараф” давлат музейи экспонатлари, унинг тарихи ҳақида атрофлича маълумот берилди.
“Нуроний” жамғармаси республика бошқаруви раиси ўринбосари Ш.Усмонов, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Қатағон қурбонлари хотираси” давлат музейи директори, тарих фанлари доктори, профессор Б.Ҳасанов, меҳнат фахрийси, ҳарбий шифокор, захирадаги подполковник Искандар Раҳмонов тарихий маълумотларни холис ва ҳаққоний ўрганиш мамлакатимиз мустақиллиги қандай оғир ва машаққатли курашлар эвазига қўлга киритилганлиги, кўп миллатли халқимизнинг фидойи фарзандлари, маърифатпарвар аждодларимиз ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ ҳақиқатни тўла юзага чиқариш, бугунги озод ва обод ҳаётимизнинг қадрига етишни ёш авлодга етказишда нуронийларимизнинг ўрни, ҳаётий тажрибалари, тарихий ўгитлари ниҳоятда муҳим эканини уқтирди.
