Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим: бугун ва истиқбол
Тошкентда 10 декабрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташаббуси билан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси офиси ҳамкорлигида ташкил этилган халқаро конференция ўз ишини бошлади.
Халқаро инсон ҳуқуқлари куни ва Миллий марказнинг 25 йиллигига бағишлаб ўтказилаётган мазкур нуфузли анжуман кун тартибидан инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим миллий дастури, таълим бўйича олий ўқув юртлари консорциумлари, ушбу йўналишда илмий изланишларни рағбатлантириш каби долзарб масалалар ўрин олган.
Конференцияда БМТ тизимидаги тузилмалар, ЕХҲТ, Европа Кенгаши, Халқаро меҳнат, миграция ташкилотлари, ЮНЕСКО, USAID, Конрад Аденауэр, Фридрих Эберт жамғармалари, Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТIКА) раҳбарлари, дипломатик корпус, инсон ҳуқуқлари бўйича хорижий ва миллий институтлар вакиллари, фуқаролик жамияти фаоллари, олимлар ва инсон ҳуқуқи соҳасидаги таълим тизими мутахассислари иштирок этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева тадбир иштирокчиларини қутлаб, анжуман ишига муваффақият тилади.
[gallery-5031]
Парламентлараро Иттифоқ Бош котиби Мартин Чунгонг, ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси директори Матео Миккачи, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси, элчи Пьер фон Аркс, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси раҳбари Ришард Коменда ва бошқа нуфузли халқаро экспертлар онлайн ёки офлайн тарзда сўзга чиқиб, сайёрамизда инсон ҳуқуқи билан боғлиқ масалалар долзарблигича қолаётгани, бу борада халқаро жамоатчилик ҳамжиҳат бўлиб ҳаракат қилиши ҳамон устувор вазифа эканини таъкидладилар.
Икки кунга мўлжалланган форумда иштирокчилар БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси самарадорлигини таҳлил этишади. Шунингдек, анжуманда ташкилотнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастури доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳам сарҳисоб қилинмоқда.
Иккита ялпи мажлис ва бир неча шўъба йиғилишида муҳокама қилиниши режалаштирилган “Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим: халқаро тажриба ва миллий амалиёт” мавзуси 30 дан зиёд маҳаллий ва хорижий эксперт муҳокамасига қўйилган. Бунда асосий эътибор ёшларнинг инсон ҳуқуқи соҳасидаги билими, айни йўналишда фаолият кўрсатаётган педагоглар касбий тайёргарлигини оширишга қаратилади.
Анжуманда Инсон ҳуқуқи соҳасидаги таълим миллий дастурини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” матни ҳам кўриб чиқилмоқда. Ҳужжат лойиҳаси кенг жамоатчилик муҳокамаси учун Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази расмий сайтига жойлаштирилган.
Тадбир доирасида “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони совриндорларини тақдирлаш маросими ҳам ўтказилди.
Халқаро конференция 11 декабрь куни ўз ишини давом эттиради.
Саидмурод РАҲИМОВ, ЎзА