Жорий йилнинг 8 ноябрь куни “Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг 30 йиллиги” медалини Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказига топшириш маросими бўлиб ўтди. Мазкур юбилей медалини Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг (ОҲИЧБК) 30 йиллигини кенг нишонлаш доирасида Кенгаш фаолиятида кўп томонлама ҳамкорликка ўз ҳиссасини қўшган аъзо давлатлар вакилларига топширилиши кўзда тутилган.
Маълумот учун: Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш (ОҲИЧБК) Осиёда тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича халқаро форумдир. ОҲИЧБК – Осиё ва глобал дунёда тинчлик, хавфсизлик ва барқарорлик ўртасидаги бевосита боғлиқликни тушунишга асосланган форум.
Тақдирлаш маросимида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори бошчилигидаги Марказ ходимлари, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш Бош котиби Элчи Кайрат Сарибай ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Минтақавий аксилтеррор тузилмаси ижроия қўмитаси вакили Адел Моҳаммад ҳамда бошқа ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Тадбир очилишида сўзга чиққан Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш Бош котиби Элчи Кайрат Сарибай “Инсонийлик мезонлари соҳасида Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг ишонч чораларини амалга ошириш концепцияси” доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказига ўзининг инсон ҳуқуқлари ҳимоясидаги амалий ҳамкорлиги учун самимий миннатдорчилик билдирди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг 2019 йилда Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган саммитида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев минтақавий ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган аниқ ташаббусларни билдирганлигини ҳамда Ўзбекистон 2020 йилдан бошлаб ОҲИЧБКнинг инсонийлик мезонлари бўйича координатори ҳисобланишини таъкидлади.
Инсонийлик мезонлари соҳасида умумий мувофиқлаштиришни амалга ошириш Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказига юклатилган.
Марказ билан ҳамкорлик доирасида ОҲИЧБКнинг инсонийлик меъзонлари бўйича ишончни мустаҳкамлаш чора-тадбирларини амалга ошириш юзасидан Ҳаракатлар режаси (2021-2023 йиллар) ва “Инсонийлик мезонлари соҳасида Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг ишонч чораларини амалга ошириш концепцияси” ишлаб чиқилди.
Мамлакатимизнинг ОҲИЧБК фаолиятидаги фаол иштироки ва Ўзбекистон томонидан эълон қилинган ташаббусларни амалга ошириш сиёсий ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, хавфсизликни сақлашда минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш, савдо-иқтисодий, транспорт-логистика ва сайёҳлик салоҳиятини ривожлантиришга хизмат қилади. Шунингдек, Литва Республикаси Омбудсмани, Туркия Инсон ҳуқуқлари ва тенглик институти, Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси, БМТ Халқаро миграция ташкилоти, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳамкорлиги учун БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари ва Парламентлараро Иттифоқи “Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг 30 йиллиги” медали билан тақдирланган.
Тақдирлаш маросимида Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш Бош котиби Элчи Кайрат Сарибай “Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг 30 йиллиги” медалини Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорига тантанали равишда топширди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази