Инсон қадри ва унинг манфаатлари ҳамма нарсадан устун
Тошкент вилояти Бўка туманида “Инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш – одамийликнинг энг олий мезонидир” мавзусида тадбир ўтказилди.
Тошкент вилояти Бўка туманида “Инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш – одамийликнинг энг олий мезонидир” мавзусида тадбир ўтказилди.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши томонидан олис ва чекка қишлоқларда ўтказиб келинаётган бу каби тадбирлар аҳоли муаммоларини ўрганиш, уларга ечим топишга кўмаклашиш, оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига моддий-маънавий, тиббий ёрдам кўрсатишда муҳим аҳамият касб этаётир.

Республика маҳаллалар кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бўка туманидаги Халқ қабулхонаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, “Дори-дармон” акциядорлик компанияси, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди, туман ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган навбатдаги тадбирда туманнинг “Ачимайли”, “Ачимайли файз-барака”, “Даштобод”, “Қорақўйли”, “Ибрат”, “Бешкапа”, “Жагалбайли”, “Қорақудуқ”, “Тошлоқ” ва “Равот” маҳалла фуқаролар йиғинлари аҳолиси иштирок этди.
Кексалар, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган ҳамда ўзгалар кўмагига муҳтожларга манзилли ёрдам кўрсатишга қаратилган тадбирга “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ҳамда вилоят тиббиёт бошқармасининг невролог, оториноларинголог, уролог, офтальмолог, эндокринолог, кардиолог, терапевт каби 17 хил тор мутахассисликдаги малакали шифокорлари жалб этилиб, 530 нафарга яқин фуқаро тиббий кўрикдан ўтказилди. Аниқланган хасталиклар бўйича 12 турдаги зарурий дори-дармонлар берилди.

Вилоят кўз касалликлари шифохонасининг замонавий офтальмоскоп аппарати ўрнатилган кўчма автобуси орқали 76 нафар фуқаро тиббий текширувдан ўтказилиб, уларга даволаниш ва кўриш қобилиятини яхшилаш бўйича тавсия берилди.
Ҳаракатланиш имконияти чекланган инсонлар ҳам бундай хайрли кўмакдан бебаҳра қолмади. Жумладан, 15 нафар кекса ва ногиронлиги бўлганлар яшаш манзилидан транспорт воситасида олиб келиниб, тиббий кўрикдан ўтказилган бўлса, 12 нафари хонадонида ушбу имкониятдан фойдаланди.
Аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган тарғибот-ташвиқот ишлари ҳам олиб борилиб, иштирокчиларга йод танқислиги, яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг аянчли оқибатлари ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Тадбир доирасида ҳудуд аҳолиси учун сайёр қабул ташкил этилиб, Республика маҳаллалар кенгаши раиси ўринбосари Б.Парпиев, туман ҳокими Б.Ибрагимов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тумандаги Халқ қабулхонаси мудири Х.Пўлатхўжаев фуқаролар мурожаатини тинглади.
Сайёр қабулда 25 фуқаронинг турли даражадаги муаммолари жойида ҳал этилди. 5 нафар кишининг мурожаати бўйича зарур чора-тадбирлар белгиланди. 4 нафар эҳтиёжманд фуқарога ногиронлик аравачаси, 3 нафарига бошқа турдаги реабилитация тиббий воситалари берилди. Шунингдек, сектор раҳбарлари томонидан 35 эҳтиёжманд оилага қарийб 10 тонна кўмир бепул тарқатилди. Шунингдек, 14 нафар кекса ва фахрий, 12 нафар ногиронлиги бор фуқаро, 13 нафар кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган оилага борилиб, озиқ-овқат маҳсулотлари, зарур дори-дармон берилди.
Фуқаролар томонидан кўчаларни ёритиш, йўлларни асфальтлаш, ичимлик суви билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш, турли давлат органлари мутасадди раҳбарларининг тегишли йўналишдаги фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш, “Оила – маҳалла – мактаб” ҳамкорлигини амалий натижаларга йўналтириш каби масалалар кўтарилгани аҳолининг мамлакат ва жамият тақдирига бефарқ эмаслиги, амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик руҳи билан яшаётган юртдошларимиз сони кун сайин ортаётганидан далолат беради, албатта.
Тадбир доирасида шунингдек, аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил этилиб, унда иш сўраб мурожаат қилган 85 нафар фуқародан 11 нафарига танлаган иш жойи бўйича йўлланма берилди.
Бундан ташқари, тумандаги Агросаноат ва транспорт касб-ҳунар коллежида Республика маҳаллалар кенгаши раиси ўринбосари Б.Парпиев томонидан тумандаги барча маҳалла фуқаролар йиғинларининг раислари ҳамда фаоллари иштирокида ўқув-семинар ўтказилди. Амалий мулоқотда иштирокчиларга Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасидан келиб чиқадиган вазифалар ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Мухтасар айтганда, мазкур тадбир мамлакатимизда “Инсон қадри ва унинг манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган инсонпарвар ғоя асосида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг яна бир амалий ифодаси бўлди.