Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Навоий вилояти ҳудудий бошқармаси ва Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида ОАВ вакиллари учун 2024 йил давомида амалга оширилган ишлар якунига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.
Таъкидланганидек, якунланган йилда 371,6 миллиард сўмлик 1466 та танлов (тендер) савдоларида ўрганишлар ўтказилган бўлиб, шундан 366,2 миллиард сўмлик 1111 та танлов савдоларида 1132 та ҳолатда қонун бузилишлар аниқланган. Шунингдек, 3 та буюртмачига нисбатан савдоларда рақобат қонунчилиги бузилиши ҳолати юзасидан иш қўзғатилиб 33,2 миллион сўм жарима қўлланилган.
– Ушбу аниқланган қонун бузилишлар бўйича бошқарма томонидан давлат харидлари юзасидан 93 та иш қўзғатилиб, 91 нафар мансабдор шахсларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 178-моддаси 5-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, белгиланган тартибда тегишли суд органларига юборилиши таъминланди, – дейди ҳудудий бошқарма бошлиғи Анвар Муҳаммадиев. – Шунингдек, инсофсиз рақобат ва картель келишувлар ҳамда тил бириктиришларнинг олдини олиш борасида ҳам ўрганишлар олиб борилди. Жумладан, “Оқ олтин цемент” МЧЖ томонидан “Қизилқумцемент” АЖ ишлаб чиқараётган цемент маҳсулотини “Cesam Cement” бренди остидаги цемент қопларига қадоқланганлиги, Навоий Инновациялар университети ўзининг телеграм ижтимоий тармоғидаги ахборот канали орқали “Энг арзон контракт тўлови” дея истеъмолчиларни чалғитувчи ахборотдан фойдаланилганлиги юзасидан иш қўзғатилиб, бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилди. “Агробанк” АТБ Навоий вилоят бошқармаси ва унинг ҳудудий филиаллари томонидан эса 2024 йил ғалла ҳосилини имтиёзли кредитлаш бўйича фермер хўжаликлари билан фақатгина битта “APEX insurance company” суғурта компанияси ўртасида суғурта полиси расмийлаштирган ҳолда картель келишув ва тил бириктириш аломатлари юзасидан иш қўзғатилиб, марказлашган ҳолда кўриб чиқиш учун қўмитага ўтказилган. Давлат кадастрлар палатаси Навоий вилояти бошқармасида ўтказилган 468 миллион сўмлик 5 та танлов савдоларда харид комиссияси ва иштирокчилар ўртасида картель келишуви мавжудлиги юзасидан ҳуқуқий баҳо бериш учун тўпланган ҳужжатлар ва маълумотлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.
[gallery-21836]
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 2 апрелдаги “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида аҳолининг бизнес ташаббусларини молиялаштиришни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш юзасидан “маркетплейс” тизими (смарт-маркет.уз)да 50 дан ортиқ ҳолатлар юзасидан ҳоким ёрдамчилари, таъминотчи ва кредит олувчилар ўртасида келишиб олинган ҳаракатлар мавжудлиги аниқланиб, ушбу камчилик ва муаммолар юзасидан 6 та ҳолатда маълумотлар ва таклифлар тегишли ташкилотлар ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга киритилди.
2024 йил давомида келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқиш жараёнида табиий монополия субъектлари томонидан 7,5 миллион сўмдан зиёд ортиқча олинган даромадлар аниқланиб, ушбу маблағларни қайтариш бўйича кўрсатмалар берилган.
Бошқарма ходимлари томонидан туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳамда маҳаллий давлат бошқаруви органлари томонидан қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг рақобат муҳитига таъсири баҳоланиб, бир қатор қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган. Жумладан, “Рақобат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни талаблари ижроси юзасидан “ех-пост” усулида ўрганиш ўтказилганда, Хатирчи, Кармана, Қизилтепа, Томди туманлари ҳамда Навоий шаҳар ҳокимликлари, шунингдек, Навоий вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси ва вилоят қурилиш бошқармаси томонидан қабул қилинган ҳужжатларда 25 та ҳолатда “Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг 22-моддаси талаблари бузилганлиги ҳолатлари аниқланган.
Бундан ташқари, туман (шаҳар) ҳокимликларининг regulation.gov.uz порталида муҳокама учун қўйилган 28 та қарор лойиҳасига тегишли хулоса берилиб, 3 та ҳолатда “Рақобат тўғрисида”ги қонун талабларига зид бўлган нормалар мавжудлиги аниқланган ва қарор лойиҳасига ўзгартириш киритиш юзасидан кўрсатмалар берилган.
2024 йилда товар хом-ашё биржаларига юқори ликвидли ва монопол турдаги маҳсулотларнинг қўйилиши ва сотилиши юзасидан олиб борилган мониторинг натижасида 296 миллион сўмлик асоссиз даромадлар олинганлиги аниқланган. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама фаолиятини тартибга солиш йўналишида эса вилоятда 27 та тадбиркорлик субъектларига тегишли 350 та ташқи реклама объектлари хатловдан ўтказилган ва хатлов натижаларига кўра, 10 та тадбиркорлик субъектларига аниқланган қонунбузилиш юзасидан иш қўзғатилиб, 69,7 миллион сўм молиявий жарима қўлланилди.
Якунланган йилда истеъмолчиларнинг номуайян ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан 26 та ўрганишлар натижасида 11 миллиард 826,2 миллион сўм маблағ истеъмолчиларга қайта ҳисоб-китоб қилиниб, 227 минг 463 нафар истеъмолчининг ҳуқуқлари тикланди.
Матбуот анжумани сўнггида ОАВ вакилларини қизиқтирган саволларга мутасаддилар томонидан атрофлича жавоб қайтарилди.
Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари