“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Амударё туман бўлимининг Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳузуридаги жамоат фонди томонидан молиялаштирилган “Обод маҳаллам” номли грант лойиҳаси доирасида умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида “Мустақил юртимнинг обод маҳалласи” мавзусида иншолар танлови ўтказилди.
“Жайхун илҳомлари” нодавлат нотижорат ташкилоти билан ҳамкорликда ўтказилган танлов иштирокчилари ўзларининг экологияга оид билимларини намоён қилдилар. Лойиҳанинг асосий мақсади табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талаблари бузилишининг олдини олиш, уни аниқлаш ва чек қўйиш, табиатни муҳофаза қилиш фаолияти самарадорлигини оширишга ҳисса қўшиш, аҳолининг экологияга оид билимларини кенгайтириш, ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштиришдан иборатдир.
Иншолар танловининг якунида тумандаги 71-сонли умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Ҳулкарой Абдураҳмонова “Мавзуга оид равон фикрлари учун” биринчи ўринга, 45-сонли умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Латофат Ҳайдарова “Энг яхши эзгулик тарғиботчилиги учун” иккинчи ўринга, 48-сонли умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Ҳулкарой Юсупова “Шахсий фикрини равон баён қилгани учун” учинчи ўринга муносиб деб топилди. Шунингдек, 86-сонли умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Сурайё Жумамуродова, 50-сонли умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси Шаҳзода Тожибоева "Фаол иштироки учун" номинациялари билан тақдирланди.
Танлов ташкилотчилари томонидан ғолиблар ва фаол иштирокчиларга фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири