Инновацион лойиҳалар ишлаб чиқаришга
Бугунги кунда самарқандлик олим ва мутахассисларнинг халқ хўжалигининг турли тармоқларига оид замонавий инновацион лойиҳалари саноат, қишлоқ хўжалиги, илм-фан ва бошқа соҳалардаги ислоҳотлар самарадорлигини ошириш, иқтисодиётнинг барқарор ўсишига хизмат қилмоқда.
Дашт ҳудудида чорвачилик йўналишида фермер хўжалиги ташкил этганмиз. Ёғингарчилик мўл бўлган йилларда ем-хашакдан қийналмаймиз. Аммо йил бироз қуруқ келса, туёқ сонини кўпайтириш ва озуқа жамғаришда харажатларимиз кўпайиб кетади. 100 гектар лалми ерга сув чиқаришда муаммоларга дуч келаётгандик. Бугунги ярмаркада қатнашиб, бу муаммога ечим топдим. Олимларимиз яратган қуёш батареялари ёрдамида артезиан қудуқдан сув чиқариш технологиясини харид қилиш бўйича шартнома туздик...Бу яқинда Самарқанд шаҳрида ўтказилган IX Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ҳудудий кўргазмасида иштирок этиб, ўзига маъқул технология ва ишланмаларни харид қилган Қўшработ туманидаги “Темирқўрғон” фермер хўжалиги раиси Раҳмиддин Дўстмуродовнинг фикрлари.
Президентимизнинг 2008 йил 15 июлдаги “Инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори илм-фан, инновация соҳасидаги тадқиқот ва янгиликларни қўллаб-қувватлаш, уларни ҳаётга жорий этишда янги босқични бошлаб берди. Қарор ижроси юзасидан ҳар йили ўтказилаётган ҳудудий ва республика инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар кўргазмаси ҳам ушбу мақсадга хизмат қилмоқда. Эътиборлиси, йилдан-йилга тадбир иштирокчилари сафи кенгайиб, намойиш этилаётган инновацион лойиҳалар салмоғи ортиб бормоқда.
– 2015 йилги ҳудудий ярмаркада саноат, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика, информацион технологиялар, илм-фан соҳасидаги 150 га яқин инновацион технология ва ишланмалар намойиш этилиб, юзга яқин шартнома имзоланган эди, – дейди Алишер Навоий номидаги Самарқанд давлат университети илмий тадқиқот мажмуи бошлиғи Акмал Ёрмуҳамедов. – Бу йил Самарқанд, Қашқадарё, Жиззах, Сирдарё вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридаги олий ўқув юртлари, илмий-тадқиқот институтлари олим ва мутахассисларининг 280 дан ортиқ инновацион ишланмалари таклиф этилди. Уларнинг 103 таси қишлоқ хўжалигига, 76 таси саноат, 51 таси фан ва таълим бўйича, 36 таси ахборот технологиялари, 15 таси тиббиёт ва фармацевтикага доир бўлди. Тадбирда вилоятдаги йирик саноат корхоналари вакиллари, тадбиркорлик субъектлари, фермерлар ва мутахассислар қатнашиб, таклиф этилган лойиҳаларни харид қилиш ва амалиётга жорий этиш бўйича келишувларга эришди, фикр алмашди. Ярмарка давомида олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари билан хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида умумий қиймати 1 миллиард 430 миллион сўмлик 138 шартнома имзоланди. Университетимиз олимлари 70 дан ортиқ инновацион ишланма билан қатнашиб, 50 га яқин шартнома тузди.
Жорий йилги ҳудудий ярмаркада тақдим этилган инновация лойиҳаларида қишлоқ хўжалиги соҳасига оид ишланмалар салмоқли ўринни эгаллади. Бу Президентимиз раҳнамолигида қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар самараси сифатида ушбу жараёнда илм-фан соҳаси вакилларининг фаол иштирок этаётганидан далолат беради.
– Глобаллашув жараёнлари кучайиб, жаҳонда ресурслар тақчиллиги ва демографик кўрсаткичлар ўсиб бораётгани аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари, саноатни хомашё билан таъминловчи қишлоқ хўжалигида замонавий инновацион технологиялардан кенг фойдаланишни тақозо этмоқда, – дейди Самарқанд қишлоқ хўжалик институти ректори Тоштемир Остонақулов. – Кейинги йилларда вилоятимиздаги олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот институтлари олимлари томонидан қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, соҳага замонавий технологияларни қўллаш бўйича бир қанча илмий ва амалий лойиҳалар тайёрланди. Натижада картошканинг олтита, буғдой, ширин маккажўхори, тарвузнинг иккитадан, кунгабоқар ва ловиянинг биттадан янги нави яратилиб, муаллифлик гувоҳномаси олинди. Интенсив боғлар учун авваллари хориждан келтирилган пакана ва ярим пакана дарахт кўчатларини вилоятимизда етиштириш йўлга қўйилди. Ветеринария соҳасида 22 инновацион ишланма яратилиб, патентлаштирилди. Парранданинг турли касалликларини даволаш ва олдини олишда қўлланиладиган препаратлар Пайариқ туманининг "Юқори овул парранда", "Плем чорвадори", "Хайрулло Сайдиев" фермер хўжаликлари ва Қашқадарё вилоятидаги "Оқсарой парранда" корхоналарида муваффақиятли синовдан ўтказилиб, кенг фойдаланилмоқда. Ушбу препаратлар хорижникидан 18-30 фоиз арзонлиги ва юқори самарадорлиги билан фермерларга манзур бўлмоқда.
Янги яратилган саккиз хил ветеринария дори воситалари ҳам Пастдарғом, Тайлоқ, Пайариқ, Иштихон туманлари фермер хўжаликларида қорамоллардаги касалликни даволаш ва олдини олишда қўлланилиб, кутилган натижага эришилмоқда. Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини механизациялаштириш соҳасида учта янги техника ва технология яратилди. Ғаллачиликда ғўза қатор ораси ва очиқ майдонларга уруғ экишнинг энерго-ресурстежамкор шакли бўлган универсал сеялка турли шароитларда синовдан ўтказилиб, ишлаб чиқаришга жорий этилди. Ушбу восита ёрдамида ғалла экиш уруғликни 20-25 фоиз, ёқилғини 1,5-2 баробар тежаш имконини беради. Муҳими, уруғнинг бир текис, тўлиқ кўкариши, совуқ об-ҳавога қолмай туплаши ҳисобига ялпи ҳосил 10-15 фоиз ошади. Самарқанддаги “Кинап” корхонасида универсал сеялканинг 60 ва 90 сантиметрли ғўза қатор ораларига уруғ экишга мўлжалланган модификацияси ишлаб чиқилиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги қишлоқ хўжалиги техникаси ва технологияларини сертификатлаш ва синаш давлат маркази томонидан сертификатланди.
Бугунги кунда самарқандлик олим ва мутахассисларнинг халқ хўжалигининг турли тармоқларига оид замонавий инновацион лойиҳалари саноат, қишлоқ хўжалиги, илм-фан ва бошқа соҳалардаги ислоҳотлар самарадорлигини ошириш, иқтисодиётнинг барқарор ўсишига хизмат қилмоқда.