Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш илмий-амалий маркази ҳамда ЮНEСКО ҳамкорлигида халқаро ўқув семинар ташкил этилди.
«Инновацион педагогика» мавзусидаги мазкур семинарда таълимда ижобий ўзгаришлар ясашга оид методикалар хусусида батафсил сўз юритилди.
ЮНEСКО ташкилоти Ўзбекистон ўқитувчиларининг малакасини ошириш лойиҳаси доирасида Президент таълим муассасалари агентлиги билан биргаликда ўқитувчиларнинг сифатли ўқитиш ресурсларидан фойдаланиш имкониятини яхшилаш мақсадида инновацион педагогика бўйича зарур қўлланма яратмоқда ва ишлаб чиқмоқда.
Мазкур семинар давомида «Юксалиш йўлида 45 дақиқа» номли қўлланма тақдимоти бўлиб ўтди. Ушбу қўлланма чекка ҳудудларда замонавий педагогик ёндашувларни татбиқ қилиш, илғор тажрибалар ва дарс режаларини таклиф этиш орқали эҳтиёж туғилган XXI аср кўникмаларини ривожлантиришга ёрдам беради.
Ҳудудий илғор тренерларнинг амалий машғулотларда қатнашишлари ва янги педагогик кўникмаларга эга бўлиш салоҳиятини оширишни кўзда тутилган.
Семинарда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан юздан ортиқ маҳоратли тренерлар, ўқитувчилар, малака ошириш бўйича етакчи экспертлар иштирок этмоқда.
– Биз бир қатор Президент мактаблари ва ижод мактабларида тадқиқотлар олиб бордик, – деди Президент таълим муассасалари агентлигининг малака ошириш бўлими бошлиғи Наргиза Қўчқорова. – Ўқитувчиларни нималар ўйлантирмоқда? Бу масалани ҳам пухта ўргандик. Улар учун онлайн ва офлайн малака ошириш машғулотлари жорий этилмоқда. Лекин бугун замон, таълимга бўлган талаб шиддат билан ўзгармоқда. Ўқитувчи ўз дарси билан бирга ўз ўқувчисини ҳам мукаммал билмоғи керак. Бугунги семинаримизда илғор тажрибалар, инновацион педагогика технологияларига батафсил тўхталишимизнинг сабаби ҳам шунда.
Айтиш керакки, семинарда тақдимоти ўтказилган “Юксалиш йўлида 45 дақиқа» – инновацион педагогика бўйича қўлланма бўлиб, у XXI аср кўникмаларни ривожлантириш бўйича ўқитувчилар учун доимий ёндафтар бўлиб хизмат қилади.
Қўлланмадан кўзланган мақсад юртимизда ўқитувчиларни инновацион педагогика бўйича ўқитиш ва таълим сифатини оширишдан иборатдир. Мазкур қўлланмадан фойдаланиш орқали ҳар бир ўқитувчи ва маҳоратли тренерларнинг компетенцияларини ошириш кўзда тутилган.
Назокат Усмонова,ЎзА