Бухоро муҳандислик-технология институтида “Евросиё интеграцияси: бизнес таълими орқали юқори технологияларни тарғиб этиш” мавзусида эксперт ва инвестицион сессия бўлиб ўтди.
Сессияда Бизнес Евросиё алянси бош котиби Дмитрий Шкаев сўзга чиқиб, “Phygital (Phygital + Digital)” инновацион ривожланиш мактаби хусусида фикр билдирди. Олимнинг фикрича, “Phygital“ инновацион ривожланиш мактабининг жорий этилиши олий касбий таълим тизим зарурати бўлиб, кўплаб омиллар билан белгиланади.
Билимларни тезкор ўзлаштириш, жамиятни ахборотлаштириш ва рақамлаштириш орқали фаоллаштириш, ўқитиладиган фанларни мунтазам такомиллаштириш, натижаларни таълим жараёнига жадал жорий этиш, тадқиқот иши самарадорлигини баҳолаш омиллари шулар жумласидандир.
Тадбир давомида “Baktat” корпорацияси, Жанубий университет (IUBiP), “Деловая Евроазия” ёшлар форуми жамияти ҳамда Бухоро муҳандислик-технология институти ўртасида тўрт томонлама меморандум имзоланди.
– Меморандумга биноан транспорт соҳаси кадрларини тайёрлаш бўйича қўшма факультет ва магистратура босқичи, “транспорт коридори”ни ташкил этиш, муҳандислар ижодий маҳсулини тадбиркорликка йўналтириш ҳамда илмий ишларни тижоратлаштириш бўйича ҳамкорлик амалга оширилади, – дейди институт ректори Садоқат Сиддиқова. – Салоҳиятли муҳандисларни тайёрлаш учун сифатли таълим тизимини йўлга қўйиш, фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси орқали юқори технологиялардан фойдалана оладиган, уларни яратадиган мутахассислар тайёрлаш олдимизда турган долзарб вазифа ҳисобланади.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг Бурсадаги фахрий консули, “Baktat” корпорацияси бошқаруви раиси Али Баклан томонидан “Phygital” мактабини ташкил этишда инвестиция киритиш бўйича таклиф билдирилди.
Таъкидлаб ўтиш жоиз, Ўзбекистон Республикасида экспорт маҳсулотларини хорижий бозорга ташишни ташкил этишда фойдаланиш учун 9 та асосий халқаро “транспорт коридори” мавжуд бўлиб, бу соҳада миллий кадрларни тайёрлаш долзарб аҳамият касб этмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири