Инновацион лойиҳалар намойиши
Олмалиқ шаҳридаги ОКМК спорт мажмуасида Тармоқлараро саноат ярмаркаси бошланди.
Тошкент вилояти ҳокимлиги ва Олмалиқ кон-металлургия комбинати ҳамкорлигида ташкил этилган ярмаркада илм фан ва инновацион технологиялар маҳсулотлари кўргазмаси ҳам намойиш этилди.

Очилиш маросимида Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев, "Олмалиқ КМК" АЖ Бошқарув раиси Абдулла Хурсанов, Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат маслаҳатчиси ўринбосари Галина Саидова ва масъул ташкилотлар мутахассислари қатнашди. Иштирокчилар импорт қилинаётган, маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар намуналари, инновацион лойиҳалар тақдимоти билан танишди.
Қайд этиш лозимки, ОКМКда 2021 йилда маҳаллийлаштириш Дастурига асосан 87 та лойиҳа доирасида 217,2 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, режа 134,6 фоизга бажарилган. Жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида мазкур Дастур бўйича 222,7 миллиард сўмлик маҳсулот тайёрланди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 149,7 фоизни ташкил этди. Ҳозир жами 32 та янги турдаги лойиҳалар бўйича 49 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилди. Шунингдек, ОКМКда тармоқлараро саноат кооперацияси алоқаларини кенгайтириш бўйича ҳам самарали ишлар бажарилмоқда.

Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, саноат кооперацияси алоқаларини ривожлантириш доирасида ҳамда импорт ҳажмини қисқартириш мақсадида жами 1,1 триллион сўмлик маҳсулотларни харид қилиш бўйича шартномалар тузилган. Импорт маҳсулотлари ҳажмини мақбуллаштириш бўйича тармоқлараро саноат кооперацияси алоқаларини кенгайтириш натижасида ҳисобот даврида 65,2 миллион долларга импорт ҳажми қисқартирилди. Йил якунига қадар эса 88,1 миллион долларга қисқартирилиши кутилмоқда.

Илм-фанни ишлаб чиқаришга интеграцияси натижасида ОКМКда 2019 йилда палладий металлини, 2021 йилда эса рений металлини соф ҳолда олинишига эришилди. Шу билан бирга 2022 йил июль ойида молибден металли соф ҳолда олинди, июль ойида эса платина металлини ишлаб чиқариш технологияси учун муаллифлик ҳуқуқи қўлга киритилди.
Ярмарка маҳаллий тадбиркорлар ва ишлаб чиқарувчиларнинг қўшма лойиҳаларини амалга ошириш, саноат кооперациясини ташкил этиш ва ички бозорда юқори талабга эга бўлган маҳсулотларни маҳаллийлаштиришни йўлга қўйишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Ярмарка икки кун давом этади.

А. Мусаев, ЎзА.