Тошкентда давом этаётган “ИННОПРОМ. Марказий Осиё” бешинчи халқаро саноат кўргазмасини айланар экансиз бугун иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, аграр ва бошқа халқ хўжалигининг турли тармоқларида қандай ўзгаришлар рўй бераётганини, дунёда маҳсулот ишлаб чиқариш қайси йўлдан бораётганини яққол кўришимиз мумкин. Бу ерни кузата туриб қатор соҳаларда инсон омили камаётганини, техника ва технология автоматлаштирилаётганини, саноатга жадал роботлар кириб келаётганини ҳис қиласиз.
Тадбирда Ўзбекистон, Россия, Марказий Осиёдаги қўшни давлатлар, Хитой, Ҳиндистон ва бошқа ўнлаб мамлакатларнинг машинасозлик, электротехника, металлургия, кимё саноати, транспорт, қурилиш, IT йўналишидаги илғор технологик ечимлари, замонавий ускуналар ва тайёр саноат маҳсулотлари намойиш этилмоқда.
Қувонарлиси кўргазмага қўйилган маҳсулотларнинг катта қисмини маҳаллий ишлаб чиқарувчиларимиз томонидан тақдим этилган ва 100 дан ортиқ етакчи ўзбек компанияларидан намойиш этилган 500 дан зиёд замонавий ускуна ва технологиялар кўпчиликнинг диққат-эътиборини тортди.
Албатта бундай тадбирлар аввало миллий брендларимизнинг жаҳон бозорларига чиқиши учун улкан имкониятдир ва тадбиркорларимиз маҳсулотларини халқаро миқёсда намойиш этиш, янги ҳамкорлар топиш ҳамда экспорт географиясини кенгайтиришга хизмат қилади.
Масалан, тиббиёт ускуналарини ишлаб чиқарувчи биргина андижонлик тадбиркор томонидан 20 хил маҳсулот тақдим этилган. Кўргазманинг иккинчи кунида ушбу маҳсулотлардан 650 миллион сўмлик буюртма Сурхондарё тиббиёт муассасалари учун шакллантирилди. Ана шундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Чунки, бу ерда хорижий ва маҳаллий корхоналаримиз учун маҳсулотлар билан яқиндан танишиб, қулай шартларда харид қилиш имкони яратилган.
Кўргазма учун ажратилган 18 минг квадрат метрдан иборат майдонда бўш жойни учратиш мушкул. Бу ерда нафақат маҳсулотларни намойиш қилиш, балки пленар йиғилишлар, сессиялар, давра суҳбатларида иштирок этиб, саноат соҳасидаги янгиликларини билиб олиш, В2В форматидаги учрашувлар орқали шериклар топиш учун қулай муҳит юзага келган. Бу эса узоқ муддатли шериклик алоқаларини ривожлантириш ва ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтиришга имкон беради.
- Мен Россиянинг “Бастион” компанияси вакилиман. Бизни корхона Санкт-Петербургда жойлашган, - дейди россиялик кўргазма иштирокчиси Михаил Никифиров. - Кўргазмада асфальт таъмирловчи янги қурилма билан иштирок этмоқдамиз. Бу асфальтни шикастланган жойида тез ва самарали таъмирлайди. Ўзбекистон шароитида синовдан ўтди ва буюртмачиларимиз буни кўриб ижобий хулосага келишди. Ушбу автомобиль ҳозирда йўл хизмати томонидан қабул қилинди. Бугунги кўргазмада ҳам ушбу қурилмаларни етказиб бериш бўйича келишувларга эришдик. Биз бажонидил Ўзбекистон бозорида ишлашга тайёрмиз ва бу техникаларимиз охиргиси бўлиб қолмайди ва ҳамкорлигимиз давом этади.
Кўргазма беш йилдан буён анъанавий давом этадиган бизнес платформага айланди. Бу эса нафақат мамлакатимиз, балки минтақа тадбиркорларининг ўз бизнесини янги босқичга олиб чиқадиган тизим саналади. Шу жиҳатдан ҳам унда иштирок этадиган делегатлар сони кўпайиб, тузилаётган шартномалар миқдори ҳам йилдан йилга ошиб бормоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/oRcI4X5XHlc" title="INNOPROM - sanoatchilar ko‘rgazmasining ikkinchi kuni" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Нишонбой Абдувойитов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА