Бугунги таълим тизими ёшларни, айниқса, талабаларни эртанги кун учун муносиб ворислар сифатида тайёрлашни бош мақсад қилиб олган. Бу йўлда соғлом талабалар билан бир қаторда кўриш имконияти чекланган бўлишига қарамасдан, олий таълимда таҳсил олиш истагида бўлган кўзи ожиз ва заиф кўрувчиларга ҳам бир хилда таълим берилиши замон талаби.
Бу мақсад ҳукуматимизнинг кўплаб ҳужжатларида, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг нутқларида, маъруза ва чиқишларида, фармон ва қарорларида ўзининг муносиб аксини топган.
Хусусан, «Ўзбек имо-ишора тили ва Брайл алифбосини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғриси»даги, «Кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатларда таълим бериш сифатини ошириш ҳамда улар фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгилаб қўйилганидек, “турли ихтисослик ва йўналишлардаги босма ва аудиокитобларга бўлган эҳтиёж ҳар олти ойда ўрганилиб, шу асосда адабиётлар рўйхати шакллантириб борилади, олий таълим муассасаларининг тегишли ихтисослик ва йўналишлари бўйича фанлардан аудиоматериаллар ва Брайл алифбоси асосидаги адабиётларни чоп этиш тизими йўлга қўйилади».
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги қонун, «Давлат тили ҳақида»ги қонун, «Таълим тўғрисида»ги қонун, «Кадрлар тайёрлаш миллий дастури», Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 18 апрелдаги «Кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатларда таълим бериш сифатини ошириш ҳамда улар фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор, 2021 йил 21 декабрдаги «Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигига кўмаклашиш ҳамда ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида инклюзив таълимни йўлга қўйиш ва уларга керакли шарт-шароитлар яратиш ишларини самарали ташкил қилиш бўйича қатор кўрсатмалар берилган.
Айни дамда юртимизда 66 мингдан зиёд кўзи ожиз шахслар мавжуд бўлиб, 14 та махсус интернатда 3 мингдан ортиқ кўзи ожиз ёшлар тарбияланади. Улар учун ягона нашриётда зарур дарслик ва бошқа адабиётлар нашр этиб келинмоқда, аммо «Кўзи ожизлар босмахонаси»нинг 1960-1980 йилларда ишлаб чиқарилган техникалари жуда эскирган бўлиб, ишлаб чиқариш қуввати бугунги кун талабига жавоб бермайди. Ускуналар билан йилига бор-йўғи 18 номдаги дарсликни чоп этиш мумкин. Ҳолбуки, таълим дастури бўйича, кўриш қобилияти чекланган ўқувчилар учун 48 номдаги дарсликлар зарур. Олий таълим муассасалари учун бундай махсус дарсликлар умуман нашр этилмайди, аммо дарсликларга эҳтиёжнинг мавжудлиги бор гап.
БИЛИМЛАРНИ ЎЗЛАШТИРИШ ЖАРАЁНИ...
Педагогик фаолиятдаги кузатувларимизга кўра, кўриш қобилиятига эга бўлмаган таълим олувчиларда ўзбек тилидаги ўқув-методик адабиётлар ва илмий тадқиқотлардан фойдаланиш имконияти чегараланган. Улар фан соҳасига оид билимларни ўзлаштиришда фақат дарс жараёнида Брайл тизимига асосланган бўртма-нуқтали ёзувда конспектлаштириб олинган маъруза матнларига таяниб қолмоқдалар. Бироқ, замонавий техника даврида гаджетларнинг қулай имкониятларидан фойдаланиш кўпроқ самара беради. Янгиланаётган, илмий-техника асри ҳисобланган - XXI асрда кўзи ожизлар учун қулай бўлган аудио-дарсликлар яратиш кун тартибига чиқмоқда. Шу мақсадда Тошкент давлат шарқшунослик университетида «Олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган кўзи ожиз ва кўришда нуқсони бўлган талабалар учун тарих фанидан мобил ўқув иловасини яратиш» амалий лойиҳаси амалга оширилди.
Алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистоннинг энг янги тарихи фанидан илк маротаба яратилаётган ушбу аудио-қўлланма заиф кўрувчилар учун қулайлик яратиши ва интернетсиз ҳам ишлатиладиган мобил илова шаклида тақдим қилинди ва HistoryUz номи остида Play Marketда https://play.google.com/store/... саҳифасида эълон қилинди.
Лойиҳанинг асосий мақсади – гуманитар таълим йўналишларида таҳсил олувчи кўриш имконияти чекланган талабаларнинг тарих фанларига доир ўқув адабиётларидан мустақил равишда фойдаланиши учун аудио маълумотлар базасини шакллантириш, заиф кўрувчилар учун ушбу аудио материалнинг мобил иловасини яратиш ва шу орқали уларнинг лисоний, интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, шахсий-касбий қобилиятларини ривожлантиришдан иборат этиб белгиланди.
Ушбу мақсадни амалга ошириш учун бажариладиган асосий вазифалар қуйидагилардан иборат:
- Ўзбекистоннинг энг янги тарихига оид назарий ва статистик маълумотларни ўз ичига олган, филология йўналишида таҳсил олувчи талабалар томонидан доимий фойдаланилиши учун зарур бўлган дарсликлар, ўқув қўлланмалар ва илмий адабиётлардан олинган маълумотлар банкини яратиш;
- тўпланган босма ва электрон матн кўринишидаги тарихга оид материалларни mp3 форматда ёзиш;
- аудиоси билан параллель тарзда матндаги ёзувларнинг муносиб қаторлари катталашуви ва ранги ўзгаруви ҳолатидаги мобил матнни яратиш;
- олий таълим муассасалари ва ахборот-ресурс марказлари фондини Ўзбекистоннинг энг янги тарихига доир аудио-китоблар ва уларнинг мобил иловалари билан таъминлаш орқали кўзи ожиз талабаларнинг соҳага оид ўқув-методик адабиётлар ҳамда илмий тадқиқотлардан эркин фойдаланиш имкониятини кенгайтириш.
Кўзи ожизлар учун тайёрланган ўқув қўлланмалар, мобил иловалар, демакки, шу тоифага мўлжалланган талабаларга илм олиш манбаси бўлиб хизмат қилади, имконияти чекланган бўлишига қарамасдан, кўзи ожиз талабаларнинг ўқиб-ўрганишлари учун имконият яратади. Қолаверса, ушбу маҳсулот Ўзбекистон тарихини чуқур ўрганиш орқали мамлакат тақдири билан уйғунлаштиришга интилиб боришлари йўлида муносиб ҳисса қўшишга сафарбар этилган.
Тақдим этилаётган мобил илова анъанавий ёндашувларни четлаб ўтишга ҳаракат қилинган хос аудио-китоб шаклида тақдим қилинган бўлиб, унинг мобил иловасида овозли материалга мос ҳолда матн ўқиб кетилади ва назарда тутилган қатор ёки сўз бошқаларига нисбатан катталашиб, ранги ҳам ўзгаради. Бу ҳолат нафақат кўзи ожизлар учун, балки билан заиф кўрувчиларнинг ҳам Ўзбекистоннинг энг янги тарихи юзасидан матнни катталашган ҳолда ўқишлари имконини яратди: ҳам ўқиш, ҳам эшитиш кўникмалари учун мўлжалланган. Ушбу лойиҳани шакллантиришда энг аввало қуйидаги тартибда ишлар бажарилди:
- 1. Мавжуд ҳолат ўрганилди. Бунда гуманитар йўналишларда 1-курсда ўқитиладиган мажбурий фанлар қаторидаги «Ўзбекистоннинг энг янги тарихи» фани доирасидаги ҳужжатлар – тасдиқланган фан дастури, силлабуслардаги мавзулар ўрганиб чиқилди ва улар юзасидан материал тўплаб, мавзуларга тақсимланди.
- Қўшимчалар киритилди. Маълум бўлишича, «Ўзбекистоннинг энг янги тарихи» фани бўйича материаллар етарли бўлиб, тарих фани бўлгани учун ҳам матнлар бир мунча узун ва маълумотларга бой тарзда шаклланган. Агар матннинг ҳаммаси диктор томонидан аудио вариантига айлантирилса, нисбатан узоқ, тахминан, 1-1,5 соат вақт ҳисобига аудиоматериал тайёрланиши керак эди. Бу ҳолат фақат эшитиш кўникмаси орқали фанни ўзлаштираётган кўзи ожиз талабаларни бироз толиқтириши ёки мавзуни тушунишни тўлиқ қамраб олишига соя солган бўларди ҳамда узвийлик ва узлуксизлик тамойилларига, талабаларнинг умумий тайёргарлик даражасига, жамиятbмизнинг ҳозирги талаб-эҳтиёжларига мос бўлмаган айрим факт ва эскирган материаллар билан чалғитиб қўйишига сабаб бўларди. Айрим мавзу ва материаллар янгиланишга муҳтож эди. Шу жиҳатдан мавзулар таҳрир қилинди, Ўзбекистоннинг ҳозирги кундаги стратегик, ижтимоий-сиёсий ҳолатига оид янги маълумотлар киритилди.
- Фан мавзулари узвийлик ва узлуксизлик тамойилларига кўра ҳам ўзига хос ёндашувларни талаб этади. Лойиҳа муаллифлари ўз бурч ва ҳуқуқлари доирасида ДТС ҳамда ўқув дастурлари мавзуларнинг тақсимотини бу муаммоларни ҳал қилишга йўналтирди.
- Ҳар бир мавзу якунида такрорлаш ва мустақил тайёрланиш учун савол ва топшириқлар берилди. Ушбу жараён мавзу устида ишлаш, аудионинг мазмуни ва моҳиятини тўла ва тўғри идрок этишда асосий ўрин тутади. Яъни кундалик воқеликлардан хабардор бўлиб келаётган кўзи ожиз талабалар эшитаётган материалининг бугунги кун мавзуларига боғлай олиши, қайта мустаҳкамлаши учун ҳар бир мавзу якунида саволлар ва топшириқлар келтириб ўтилди.
- Заиф кўрувчилар учун аудиоли матннинг берилиши. Кўриш имконияти чекланганлар учун тарих фанидан матннинг лотин ёзувидаги мавзулари берилди. Талаба ҳам аудио мавзуни тинглаши, ҳам матнни ўқий олишига имконият мавжуд. Бунда матндаги керакли қаторлар аудиога мос равишда катталашади ва кўриш имконияти чекланганларга ўқиш кўникмаси учун қулайлик яратади.
- Аудио материаллар ҳақида. Матнлар мазмунини ўрганиш ва таҳлил этишда унинг моҳиятини тўла ва тўғри тасаввур этиш бош омил бўлади. Бунинг учун мавзудаги ҳар бир банд, оҳанг, гап, ҳатто, ҳар бир сўз тўғри ўқилиши ва тушунилиши муҳимдир. Шу мақсадда матнларнинг тўлиқ аудио вариантлари ишлаб чиқилди. Уни ўқишда профессионал сухандон иштирок этди.
- «Ўзбекистоннинг энг янги тарихи» фани доирасидаги мобил иловадаги матн жами – 13 мавзудан иборат.
ТАРИХНИ ЎҚИТИШ...
Айрим тарихчи олимларнинг фикрича, тарихни ўқитишнинг янги мазмуни ва методологиясини излаш – замонавий ўқитиш технологияларига ўтишни англатади, деб баҳолаб, ўқитиш жараёнида ўқувчилар томонидан яратилган тарихий тасвирлар когнитив аҳамиятга эга эканлиги, ўзига хос тарихий тасвирлар ва фактлар тарихий тушунчаларни шакллантириш учун асос бўлиб хизмат қилиши, тарихий вазиятларни суратларда кўрсатиб, рангли инфографикалар билан тасвирлаш тарих билан боғлиқ тушунчаларни янада мазмунли ва барқарор бўлишини таъминлайди.
Аммо бу ўринда тарихий жараёнлар акс этган суратларни кўриш имкониятидан мосуво бўлган, айни дамда Олий таълимда ўқиётган кўзи ожиз ва кўриш имконияти чекланган талабаларга ҳам бирон камчиликка йўл қўймаган ҳолатда ўша фаннинг мазмун-моҳиятини етказиб бериш, айниқса, тарихий жараёнларни тўғри баҳолашларига кўмаклашиш ва уларнинг мустақил фикрлашларига замин яратиш – инклюзив таълимнинг асосий қисми ҳисобланади.
Хусусан, кўриш имконияти чекланганлар учун тақдим қилинувчи мобил илова ўқиш кўникмасини оширишга хизмат қилиши, шу билан бирга, заиф кўрувчиларнинг мутолааси учун осон бўлиши ва кўриш имкониятига зиён етказмаслиги лозим. Тошкент давлат шарқшунослик университети томонидан тайёрланган «Олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган кўзи ожиз ва кўришда нуқсони бўлган талабалар учун тарих фанидан мобил ўқув илова» инклюзив таълимни йўлга қўйишдаги бўшлиқни тўлдиради, деган умиддамиз.
Ҳулкар Мирзаҳмедова,
Тошкент давлат шарқшунослик университети
доценти, филология фанлари доктори