Маълумки, Инклюзив таълим ногиронлиги бўлган болаларга жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида ўсиб-ривожланиш, билим олиш ва ижтимоий ҳаётга фаол қўшилиш имкониятини беради. Бугунги кунда бундай ёндашув бутун дунё бўйлаб кенг тарқалмоқда ва ўзининг самарадорлигини намоён қилмоқда.
Бўстонлиқ туманидаги “Наврўз” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Саидакбар Бобоназаров ҳам махсус таълимга муҳтож эди. Унинг онаси Фотима Бакиева ўғлини тенгдошлари билан бирга ўқишини истади. Унинг фикрича, фарзанди алоҳида муҳитда эмас, балки жамият ичида камол топиши ва мустақил ҳаётга тайёргарлик кўриши муҳим.

Психологик-тиббий ва педагогик комиссия тавсиясига асосан, Саидакбар мазкур тумандаги 3-умумтаълим мактабига қабул қилинди. Инклюзив таълим бошланганидан буён унинг ҳаётида кўп ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда.
– Дастлаб жуда хавотирландим. Болам синфдошлари билан тил топиша олармикан, ўқитувчилар уни тушуна олармикан, деб ўйладим. Аммо бир йил ўтиб, ўғлимнинг янги истеъдодлари намоён бўлаётганини кўриб қувондим. У ҳар куни мактабга хурсанд бўлиб боради. Бу эса ўқитувчиларнинг меҳнати, синфдошларининг илиқ муносабати ва мактабда яратилган яхши муҳит самарасидир, – дейди Фотима Бакиева.

Ўқитувчиларнинг айтишича, Саидакбар нафақат ўқишда, балки спорт ва санъат соҳаларида ҳам ўз иқтидорини намоён қилмоқда. У теннисни яхши ўйнайди, расм чизишни яхши кўради ва ижодий ишларга қизиқади. Шу билан бирга, футболга катта меҳр қўйган, жамоавий ўйинларда фаол қатнашади.
– Футболга бўлган қизиқиши синфдошлари билан ҳамкорлик қилишга ёрдам бермоқда, – дейди унинг ўқитувчиси Нилуфар Эргашева. – Болалар билан биргаликда ўйнаб, жамоавий мулоқотни ривожлантирмоқда. Шунингдек, у рақсга тушишни ҳам яхши кўради. Мактаб тадбирларида фаол иштирок этади. Бу унинг ижтимоий ҳаётга янада яқинлашишига сабаб бўлмоқда.

Саидакбарнинг ижодий қобилияти ҳам тобора ривожланмоқда. У турли расмлар чизиб, ўз қарашларини ижоди орқали ифода қилмоқда. Бу эса, унинг фикрлаш қобилияти ва ҳис-туйғуларини тўғри баён қилишга ёрдам бермоқда.
Саидакбарнинг синф раҳбари Нилуфар Эргашева инклюзив таълим жараёнида алоҳида меҳнат қилмоқда. У боланинг таълим жараёнига тезроқ мослашиши, синфдошлари билан мулоқот ўрнатиши ва ўзига ишонч ҳосил қилиши учун барча имкониятларни яратган.

Ўқитувчининг меҳнатсеварлиги ва бағрикенглиги туфайли Саидакбар ўз имкониятларини очиб бормоқда. Инклюзив таълим ногиронлиги бўлган болаларга мустақил ҳаёт кечиришга, ўз ўрнини топишга ва жамиятнинг фаол аъзоси бўлишга ёрдам беради. Бу нафақат айрим шахслар, балки бутун жамият учун катта ютуқдир.
А.Мусаев, ЎзА