Инклюзив таълим маркази иш бошлади
Термиз шаҳридаги Ёшлар марказида замонавий инклюзив таълим маркази фойдаланишга топширилди.
Ёшлар ишлари агентлиги ташаббуси билан ташкил этилган янги таълим марказининг очилиш маросимида кейинги йилларда мамлакатимизда ногиронлиги бор ёшларнинг таълим олиши,интеллектуал ривожланиши ва ўз салоҳиятини кенг намойиш этиши учун барча замонавий шароитлар яратилаётгани таъкидланди.

3 декабрь- Халқаро ногиронлар куни арафасида иш бошлаган янги таълим марказида болалар, ўсмирлар ва ёшларнинг ижодий қобилиятини шакллантириш, уларнинг интеллектуал ахлоқий ва жисмоний ривожланишга бўлган шахсий эҳтиёжларини қондириш соғлом ва хавфсиз турмуш тарзи маданиятини ривожлантириш учун барча қулайлик яратилган.

- Бу масканда инклюзив таълим оммалаштирилиб, ногиронлиги бор ёшлар касбга йўналтирилади,-дейди ёшлар ишлари агентлиги Сурхондарё вилоят бошқармаси бошлиғи Жамшиджон Чориев.- Болаликдан ҳаётга мослаштирилади. Ноёб қобилиятларини намойиш этишга имконият яратилади. Ногиронлиги бўлган ёшлар ва болаларнинг ижтимоий ҳаётга интеграция қилиш жараёнлари қўллаб-қувватланиб, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга кўмаклашилади.

Марказда имконияти чекланган, ногиронлиги бўлган ёшлар учун тикувчилик, тўқувчилик, бисер, гиламдўзлик, каштачилик, рассомчилик ва наққошлик каби касб-ҳунар курслари фаолият юритади. Шунингдек, ногиронлиги бўлган ёшлар ва уларнинг ота-оналари учун тажрибали мутахассислар психологик тренинглар ташкил этади.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА