Гулистон шаҳрида жамиятда бағрикенглик ва тенг имкониятлар тамойилларини мустаҳкамлашга қаратилган муҳим ижтимоий спорт тадбири – “Инсон учун” инклюзив югуриш марафонининг Сирдарё вилоят босқичи юксак савияда ташкил этилди.
Мазкур марафон Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Ўзбекистон Адаптив спорт турлари ассоциацияси ҳамкорлигида ўтказилди. У мамлакатимизда инклюзив жамиятни шакллантириш йўлидаги изчил ислоҳотлар ва амалий ишларга яна бир ёрқин мисол бўлди.

Тадбирда 300 нафарга яқин имконияти чекланган фуқаролар фаол иштирок этиб, спортга бўлган муҳаббат ва иродасини намоён этди. Марафоннинг асосий мақсади – ногиронлиги бўлган шахсларнинг жисмоний фаоллигини ошириш, адаптив спорт турларини кенг оммалаштириш ва уларни жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида қўллаб-қувватлашдан иборат.

Мусобақа кўзи ожиз ва заиф кўрувчи, эшитиш имконияти чекланган, ақлий ривожланишда нуқсонлари бўлган, шунингдек, таянч-ҳаракат тизимида муаммоси мавжуд шахслар ўртасида ташкил этилди. Ҳар бир тоифадаги иштирокчилар эркаклар ва аёллар йўналишларида алоҳида баҳоланди. Ғолиб ва совриндорлар муносиб рағбатлантирилди.

Натижаларга кўра, 1-ўринни Шаҳруза Эргашева, 2-ўринни Шаҳзода Азизбекова ва Шоҳруҳхон Ҳабибов,3-ўринни эса Ирода Раимжонова эгаллади.
Ғолиблар Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган республика инклюзив марафонида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.

– Ушбу инклюзив марафоннинг аҳамияти шундаки, у имконияти чекланган фуқароларнинг нафақат спортда, балки жамият ҳаётида ҳам фаол иштирокини таъминлаш, уларни қўллаб-қувватлаш ва қадрлаш йўлидаги ижтимоий ташаббусларнинг ёрқин намунасига айланди. Бу каби тадбирлар ҳар бир инсон ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш имконига эга эканини кўрсатади, – дейди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази ходими Наргиза Жўраева.
Дарҳақиқат, “Инсон учун” марафони бу нафақат спорт мусобақаси, балки самимият, бағрикенглик ва тинч жамият сари ташланган ишончли қадамдир.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири