Ўқитувчи синфга ўзи кирмади, ёнида хорижлик мутахассис ҳам бор эди.
Ўқувчилар бирваракайига инглиз тилида салом бердилар, кейин ўқитувчилар ўқувчилар билан саломлашди. Шу билан машғулот бошланиб кетди. Ўқитувчилар ўзаро ва ўқувчилар билан ҳам фақат инглиз тилида мулоқот қилди. Айрим ўқувчилар хато қилса-да ўқитувчиларнинг саволларига инглиз тилида жавоб берди, ўз фикрларини ҳам чет тилида ифодалашга ҳаракат қилди.
Икки йилдан буён Тойлоқ туманидаги 21-умумий ўрта таълим мактабида ҳиндистонлик инглиз тили ўқувчиси фаолият кўрсатаётгани туфайли чет тили машғулотлари шу тахлит ўтилади.
Юртимиздаги умумтаълим мактабларида ўқувчиларга хорижий тилларни ўргатиш сифатини ошириш мақсадида чет мамлакатлардан мутахассис жалб қилиш амалиёти йўлга қўйилганига кўп бўлмади. Кейинги йилларда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан хорижий таълим ташкилотлари, элчихоналар, чет элдаги ва маҳаллий рекрутинг ташкилотлари билан ҳамкорликда ўқувчиларга дарс бериш учун хориждан юқори малакали ўқитувчилар жалб этилаётгани таълим сифатини ошириш, ёшларнинг чет тилларни мукаммал ўрганиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
[gallery-20928]
Жорий ўқув йилида Самарқанд вилоятидаги умумий ўрта таълим мактабларида 20 нафардан ортиқ хорижлик мутахассис ўқитувчи фаолият кўрсатмоқда. Улар ўқувчиларга рус, инглиз ва бошқа чет тиллардан сабоқ бермоқда.
Сунитҳа Бошпа Ҳиндистондан келиб, Тойлоқдаги мактабда фаолият кўрсатаётган хорижлик ўқитувчилардан бири.
– Мен илк бор 2023 йилда Ўзбекистон Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги таклифи асосида юртингизга, Тойлоқ туманидаги 21-мактабга келиб, ўқувчиларга инглиз тилидан дарс ўтганман, – дейди Сунитҳа Бошпа. – Олдимга қўйилган вазифа – ўқувчиларнинг инглиз тилида мулоқот қилиш маданияти ва қобилиятларини ўстириш, ўқитувчиларга илғор дарс методларини ўргатишдир. Ўтган ўқув йилида ушбу мактаб жамоаси билан, ўқувчилар билан тил топишиб, ҳамкорликда яхши ишладик. Шунинг учун бу йил ҳам ушбу мактабни танлаб, шу ерда ишлаяпман. Ўқувчиларга қўшимча дарслар ўтиб, ингиз тили бўйича билим ва кўникмаларини оширишга, дарсликлардаги айрим қийин мавзуларни ўқитишда чет тили фани ўқитувчиларига ёрдам беряпман. Икки йиллик фаолиятим, тажрибамдан келиб чиқиб, айтишим мумкинки, 21-мактаб ўқувчиларининг инглиз тилини ўрганишга қизиқиши жуда юқори, деярли ҳар бир ўқувчида бу тилда гапириш қобилияти ривожланган. Ҳар бир дарсни яхши ўзлаштиришга ҳаракат қилишади, интилишлари юқори. Бизда – Ҳиндистондаги мактабларда инглиз тили иккинчи, асосий тил сифатида ўқитилади ва ўқувчилар табиий ва бошқа фанларни ҳам инглиз тилида ўрганади. Ўзбекистонда эса инглиз тили хорижий тил сифатида ўқитилса ҳам ўқувчиларнинг деярли барчаси инглиз тилини ўрганишга ҳаракат қилади. Бу тилда бемалол сўзлаша оладиган, фикрини баён этадиган ўқувчилар кўпчиликни ташкил қилиши қувонарли. Чет тили ўқитувчилари ҳам ўз соҳасининг малакали мутахассислари ҳисобланади, улар билан бирга ишлаш мен учун завқли.
Туман марказидаги икки минг нафарга яқин ўқувчи таълим оладиган мактабда 104 нафар ўқитувчи фаолият кўрсатади. Уларнинг 13 нафари миллий ва халқаро сертификатга эга инглиз тили фани ўқитувчисидир.
– Сунитҳа хоним икки йилдан буён мактабимизда ишлаб, ўқувчиларга инглиз тилини ўргатиб келмоқда, – дейди 21-умумий ўрта таълим мактаби инглиз тили ўқитувчиси Азиза Хўжааминова. – Биз билан бирга дарс машғулотларини олиб боради, ўқувчиларимизга қўшимча машғулотлар ўтяпти. Бу ўқувчиларнинг инглиз тилида гапириш кўникмасини оширишга ёрдам беряпти. Ўқувчилар тил ташувчиси билан эмас, тил эгаси билан мулоқотда бўлиб, чет тилида сўзлашишни пухта ўзлаштиряпти. Айниқса, юқори синф ўқувчилари олий ўқув юртига ўқишга киришга тайёргарлик кўриш жараёнида Сунитҳа хоним билан фаол мулоқотда бўлиб, хорижий тилни ўрганиш ва гаплашишда қаерда хато қилаётганини билиб оляпти ва хатоларини тузатяпти.
Бундан ташқари, биз – чет тили ўқувчиларига ҳам дарсларни янги, замонавий методлар асосида ўтиш, қийин, мураккаб мавзуларни ўқувчиларга осон тушунтириш бўйича ўз тажрибаларини ўргатяпти. Бу, нафақат биз чет тили ўқитувчилари, балки бошқа фан ўқитувчилари учун ҳам фойдали бўлмоқда. Биргаликда янги методлар билан дарс ўтишни йўлга қўйиб олдик.
Мактаб директори Абдурасул Ориповнинг қайд этишича, мазкур таълим муассасаси битирувчиларининг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш кўрсаткичи бўйича туманда биринчи ўринда туради. Ўтган ўқув йилида 62 нафар битирувчининг 45 нафари тест синовларидан муваффақиятли ўтиб, давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинган. Шунингдек, нодавлат олий ўқув юртларига кирган ўқувчилар ҳам кўпчилик экан. Айни пайтда эса 20 нафардан ортиқ ўқувчи инглиз тили бўйича халқаро сертификатни қўлга киритган.
Самарқанд вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси маълумотларига кўра, бугунги кунда вилоятнинг Булунғур, Иштихон, Пахтачи туманлари, Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарларидаги мактабларда ҳам хорижлик ўқитувчилар фаолият кўрсатмоқда. Улар турар жой билан таъминланган ва бошқа зарур шароитлар яратиб берилган.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/NfHZGcgBVyQ?si=bbgH44861ab9PI6s" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (видео, сурат), ЎзА мухбирлари