Инфляция даражасини пасайтириш белгиланди
Пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида “Камбағалликни қисқартириш, ижтимоий кўмакка муҳтож бўлган қатлам билан ишлаш тизими, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” доирасида қилинган ишларнинг сарҳисобига бағишланган брифинг бўлиб ўтди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, Марказий банк, Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва Савдо-саноат палатаси раҳбар ва масъул ходимлари иштирок этган брифингда 2017-2021 йилларда макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш йўналишида амалга оширилган ислоҳотлар, уларнинг натижадорлиги, 2017-2021 йилларда банк тизимида амалга оширилган асосий ислоҳотлар, бюджет очиқлиги, ижтимоий ҳимоя, “Аёллар дафтари”, “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” соҳасида амалга оширилаётган ишлар, бизнесни қўллаб-қувватлаш ва уни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш борасида кўрилган асосий чоралар тўғрисида маърузалар тингланди.
Марказий банк раиси ўринбосари Беҳзод Ҳамраев аҳолини йиллар давомида қийнаб келган нақд пул муаммоси ечими қандай амалга оширилгани ва қандай натижаларга олиб келгани борасида ҳам айтиб ўтди.
–-Ички валюта бозори ва нақд пул муомаласидаги муаммо ва тўсиқлар йиллар давомида инфляциянинг юқори икки хоналик сон даражасида шаклланишига олиб келиш билан бирга тадбиркорликни ривожлантиришга салбий таъсир кўрсатиб келган, –- дейди Марказий банк раиси ўринбосари.
–2017 йилда пул-кредит сиёсатини ривожлантиришда инфляцион таргетлаш режимини жорий қилишга қаратилган тайёргарлик ишлари бошланди ҳамда иқтисодиётда нархлар барқарорлигини таъминлаш Марказий банкнинг асосий вазифаси этиб белгиланиши, пул-кредит сиёсатини ривожлантиришдаги муҳим қадамлардан бири бўлди.
Мамлакатда нархлар барқарорлигини таъминлаш мақсадида 2020 йилдан пул-кредит сиёсатини инфляцияни таргетлаш режимига ўтказишнинг актив фазаси бошланиб, 2021 йилда инфляция даражасини 10 фоиз, 2023 йилда 5 фоиз даражадаги доимий инфляцион мақсадгача (таргетгача) пасайтириш белгиланди.
Бунда, пул-кредит сиёсатини инфляцион тергетлаш режимига мувофиқлаштириш мақсадида замонавий пул-кредит инструментлари тўплами жорий этилди.Амалга оширилган ишлар натижасида инфляция даражасини 2017 йил охиридаги йиллик 18,8 фоиздан 2020 йил охирида йиллик 11,1 фоизгача пасайтиришга эришилди.
Шаҳноза Маматуропова, Нишонбой АБДУВОИТОВ (сурат), ЎзА