“Indorama Agro” масъулияти чекланган жамият шаклидаги хорижий корхона ўзининг қишлоқ хўжалигида инновацион ёндашуви билан ажралиб туради. Компания Қашқадарё ва Сирдарё вилоятларининг 4 туманида қишлоқ хўжалигини ривожлантириш билан шуғулланади.
Мазкур агрокластер жорий қилаётган замонавий технологиялар сув ресурсларини тежаш, экин майдонларини самарали бошқариш ва ҳосилдорликни оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу, айниқса, сув ресурслари чекланган ҳудудлар учун долзарб вазифадир.
Корхона томонидан қишлоқ хўжалигида, айниқса, пахта етиштиришга инновацияларни жорий этиш пахта ҳосили унумдорлигини бир неча баробарга оширишга хизмат қилмоқда. Аввало, бунда компания сувни тежаш мақсадида лазерли текислаш ишларини амалга оширди. Хусусан, 2025 йилда Нишон туманида 7 000 гектарда пахта етиштириш режалаштирилган бўлиб, шундан 4 000 гектар ер лазерли текислаш технологияси орқали тайёрланади. Ҳозирга қадар 1 400 гектар майдонда текислаш ишлари тугалланган. Бу технология экин майдонларини текислаб, сувни тўғри тақсимлаш ва ҳосилдорликни ошириш учун фойдалидир.
Корхонада бу борадаги ишларни самарали ташкил этиш учун барча имкониятлар мавжуд. Хусусан, у ўзининг 3 та биолабораторияси, 3 та пахтани қайта ишлаш заводи, 2 та логистика маркази ва машина-трактор паркига эга. Корхонада 4 000 дан ортиқ маҳаллий аҳоли доимий иш билан таъминланган.
“Indorama Agro” томонидан қўлланилаётган лазерли текислаш амалиёти майдонларни вертикал жиҳатдан текислаб, сувнинг тежамкорлик билан сарфланишига имкон яратади. Бундан ташқари, томчилаб суғориш технологияси 2025 йилда 2 000 гектар майдонда жорий қилиниши режалаштирилган. Мазкур технология ҳосилдорликни оширишда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, ҳар бир ўсимлик учун аниқ ва тенг суғоришни таъминлайди.
Ушбу агрокластерда “John Deere R9470”, “R9570” ва “R8345” русумли тракторлар орқали лазерли текислаш ишлари амалга оширилмоқда. Шунингдек, пахта далаларига дори сепишда замонавий дронлардан фойдаланиляпти. Улар режа асосида исталган пайтда фаолият кўрсатиши мумкин.
Кластер 2020 йилдан буён Сирдарё ва Қашқадарё вилоятларида жами 19 000 гектар ерни лазерли текислашдан ўтказган. 2024 йилда Қашқадарё вилоятида 1 500 гектар, Сирдарё вилоятида эса 1 755 гектар ерда томчилаб суғориш технологиялари жорий қилинди.
Аҳамиятлиси, “Indorama Agro” 2024 йилга келиб, 432 миллион долларлик инвестиция киритиб, Марказий Осиёдаги энг йирик агрокластерлардан бирига айланди. Кластер жами 50 000 гектар ер майдонини ўз ичига олган бўлиб, бу ҳудудларда пахта, ғалла ва бошқа экинлар етиштирилади.
Айниқса, кластернинг сув тежовчи технологиялари ва лазерли текислаш амалиёти Қашқадарё вилоятининг аграр соҳасини ривожлантиришга катта ҳисса қўшмоқда. Ушбу инновациялар нафақат сув ресурсларини тежаш, балки ҳосилдорликни ошириш, минтақада озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга ҳам хизмат қилади.
Куни кеча Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Қашқадарё вилоятига ташриф давомида аграр соҳадаги ислоҳотлар натижалари ва келгусидаги режаларни ўрганиш мақсадида Нишон туманидаги “Indorama Agro” МЧЖ фаолияти билан танишди. Унда лазерли текислаш ўтказилган ерларда Хитой ғўза уруғини плёнка остида етиштириш ва томчилаб суғориш технологиясини жорий қилиш режалари ҳақида маълумот берилди. Кластер масъулларининг таъкидлашича, соҳадаги бундай янгиликлар сув ресурсларини тежаб, ҳосилдорликни оширишда қўл келади.
Мухтасар айтганда, “Indorama Agro” МЧЖ ХКнинг замонавий технологияларни қўллаши қишлоқ хўжалигидаги истиқболли йўналишларни очмоқда. Лазерли текислаш ва сув тежовчи технологиялар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг сифатини ошириш ва ресурслардан тежамкорлик билан фойдаланиш имконини беради.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА