Индонезия ва Ўзбекистон имтиёзли савдо битимини имзолайди
Индонезия ахборот агентлиги “Antara News” мамлакатимиз ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Жакартага ташрифи давомида савдо вазири Буди Сантосо билан учрашганини ёритди.
Мезбон мулозимнинг сўзларига кўра, ўзаро имтиёзли савдо битими тузиш бўйича музокара (IU-PTA) Индонезия учун ўз бозорини кенгайтириш имконини беради.
– Бу биз учун экспорт бозорини кенгайтиришга қаратилган устувор дастур доирасидаги аниқ қадамлардан бири бўлади, – деди у Ўзбекистон ташқи сиёсат идораси раҳбари билан мулоқотдан сўнг.
Шунингдек, у учрашувда делегациямиз аъзоларини Индонезия – Ўзбекистон савдо ва инвестиция бўйича қўшма ишчи гуруҳи (JWG)ни зудлик билан тузишга чақирди. Бу борадаги келишувга 2021 йил майда Тошкентда икки давлат ҳукуматлари вакиллари ўртасида бўлиб ўтган учрашувда эришилган эди.
Бундан ташқари Сантосо Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишда республикамизни қўллаб-қувватлашини билдирди. Дарвоқе, айни жараён доирасида товар ва хизмат бозорига чиқиш бўйича икки томонлама музокара якунланган.
– Биз ЖСТга аъзо бўлиш учун товар ва хизматлар бўйича Индонезия – Ўзбекистон келишуви протоколини имзолашга тайёрмиз, – деди Сантосо.
Индонезия ҳамкорлари орасида мамлакатимиз экспорт бўйича 129-ўринни банд этган, импортчилар рўйхатида эса 53-поғонада. 2019-2023 йиллар давомида икки давлат ўртасида товар айирбошлаш 49,04 фоиз ўсган. 2024 йил умумий савдо миқдори 147,6 миллион долларга етиб, бир мавсумда 4,67 фоиз ошди. Бу даврда ороллар давлатидан юртимизга 25,8 миллион долларлик, Индонезияга Ўзбекистондан эса 121,9 миллион доллар қийматга эга маҳсулот етказилган.
Ушбу мамлакат диёримизга экспорт қиладиган маҳсулотлар рўйхатида маргарин, жонивор ёки ўсимлик ёғи, электр техникаси ва аппаратлар, эрийдиган қаҳва устувор. Ўлкамиздан ҳамкор мамлакатга кириб борадиган товарлар орасида калий хлорид, пахта целлюлозаси, ёнилғи насоси, автотранспорт воситалари даражасини ўлчагич ва дисодий карбонат етакчи.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА