Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги ва Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳузуридаги Корея таълим маркази билан ҳамкорликда илк бор ўтказилаётган «Инчеон таълим фестивали»нинг якуний босқичи ва ёпилиш маросими бўлиб ўтди.
Унда Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги директори Aлишер Уббиев, Инчеон шаҳар таълим бошқармаси Халқаро таълим маркази директори Лее Ми Еонг ва бошқалар иштирок этди.
Мазкур фестиваль ўқувчиларни замонавий касбларга йўналтирган ҳолда уларнинг ихтисослашган халқаро дастурлар, лойиҳалар ва танловларда иштирок этишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, илғор, ташаббускор ва ижодкор ўғил-қизларни аниқлаш, уларнинг қобилияти, маҳоратларини рўёбга чиқариш ва муносиб рағбатлантиришни кўзда тутади.
Айтиш керакки, фестивалнинг биринчи босқичи жорий йилнинг 27-31 май кунлари Aгентлик тизимидаги мактаблар ва умумтаълим муассасаларининг корейс тилини В1 даражасида биладиган 7-10-синф ўқувчилари ўртасида онлайн форматда ўтказилган эди.
Энг юқори балл тўплаган 20 нафар ўқувчи фестивалнинг якуний босқичида иштирок этиб, билим ва маҳоратларини синовдан ўтказди.
Фестиваль доирасида Корея олий таълим муассасалари вакиллари иштирокида «Таълим ярмаркаси» ҳам бўлиб ўтди.
Мазкур фестиваль якуний натижаларига кўра ғолиб деб топилган 5 нафар иштирокчи Корея Республикасига саёҳат ва билим алмашиш бўйича сафар йўлланмаси билан тақдирланди.
Н.Усмонова, ЎзА