“In-Vitro” лабораториясида интенсив усулда кўчат етиштиришнинг афзаллик томонлари кўп. Бу усулда етиштирилган ўсимликлар аввало ер майдонларини 3-4 баробар оптималлаштиради. Оддий усулда кўчат етиштириш жараёни 3-4 йилни ўз ичига олса, лаборатория шароитида бу муддат 2 баробарга қисқаради. Бундан ташқари тез ўсувчанлик, касаллик ва зараркунандаларга чидамлилик ва очиқ муҳитга мослашиш каби қулайликларга эга.
Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Сурхондарё, Жиззах, Фарғона ва Тошкент вилоятларида давлат “In-Vitro” лабораторияларини ташкил этиш, шунингдек, хусусий “In-Vitro” лабораториялари ташкил қиладиган тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш режалаштирилмоқда.
Бу таклиф кенг жамоатчилик вакиллари, экофаоллар, ижтимоий тармоқ фаолларининг таклиф ва мулоҳазалари асосида тайёрланган ва “Ўзбекистон –2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони лойиҳасида муҳокамага қўйилган.
Бунинг амалиётга татбиқ этилиши қандай самара беради?
Лойиҳага кўра, Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (“Green University) ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институтида замонавий “In-Vitro” лабораториялари ташкил этилади.
Халқаро тажрибада “In-Vitro” лабораторияларидан фойдаланиш орқали кўчат етказиш услуби кенг тарқалган услуб ҳисобланади. Ўсимликларнинг кичик қисмлари (тўқима ва ҳужайралар)дан лабораторияларда микрокўпайтириш бир қанча афзалликларга эга. Хусусан, ўсимликларни тез кўпайтириш имкони мавжуд, кичик жойдан қисқа муддат ичида кўп кўчат олинади, йил давомида мавсумдан қатъи назар кўчат етиштирилади. Кўчат етиштириш жараёни хавфсиз ва тежамкор кечади, соғлом ва арзон кўчат етиштирилади. Шунингдек, ўсимликнинг биологик хусусиятлари тўлиқ сақлаб қолинади, ноёб ва йўқолиб кетиш хавфи остидаги ўсимликлар шу усул билан кўпайтирилиб, сақлаб қолинади.
Республикада турли хилдаги кўчатларни тез ва кўп миқдорда етиштириш имконияти ҳамда кўчат етиштиришнинг замонавий тизими яратилади. Бу усулда етиштирилган ўсимликлар, аввало ер майдонларини 3-4 баробар оптималлаштиради.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА