Тез кунда мамлакатимиз ҳаётида муҳим сиёсий жараён – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлигига сайловлар бўлиб ўтади. Мазкур жараёнлар демократик жамиятнинг ажралмас қисми бўлиб, фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқларини намоён қилиш учун муҳим имкониятдир.
Шу муносабат билан “Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши томонидан “Тошкент иссиқлик электр станцияси” АЖ маъмурий биноси олдида имзо йиғиш пункти ташкил этилди. Унда партия вилоят Кенгаши раиси Гулнора Аҳмедова, “Энергетиклар” партия бошланғич ташкилоти аъзолари ва хайрихоҳлар иштирок этди. Имзо йиғиш пунктида фуқароларга яратилган қулайликлардан фойдаланиб, “Адолат” социал-демократик партияси ва унинг ғояларини қўллаб-қувватлаб имзо қўйди.
[gallery-18648]
– Юртимизда сайлов кампанияси қизғин паллага кирган, – дейди корхона ходими, партия фаоли Хуршид Абдувалиев. – Мен учун сайловларда қатнашиш ва ўз фикримни билдириш жуда муҳим. “Адолат” СДПнинг мақсадлари ва дастурлари менга жуда ёқади. Шунинг учун уларни қўллаб-қувватлаш ва имзо йиғиш жараёнида қатнашишга қарор қилдим. Бу орқали биз ўз келажагимизни белгилаймиз.
– Имзо йиғиш пункти жуда яхши ташкил этилган, – дейди “Тошкент ИЭС” АЖ касаба уюшмаси раиси Мунира Қосимова. – Энг муҳим жиҳати фуқароларнинг ўз фикрини эркин билдириши ва сайлов жараёнига фаол иштирок этишга интилишидир. Бу демократиянинг асосий тамойилларидан бири.
Имзо йиғиш жараёнида “Фаровон” ва “Бунёдкор” маҳалла фуқаролар йиғинлари аҳолиси ҳам фаол қатнашди. Тошкент вилоятида партиянинг барча ҳудудий Кенгашларида сайловчилар имзосини тўплаш уюшқоқлик билан давом этмоқда.
А.Мусаев,ЎзА.