Имтиёзли кредитлар – тараққиёт омили
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан “Соғлом бола йили” Давлат дастури ижросида банк тизимининг устувор вазифаларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан “Соғлом бола йили” Давлат дастури ижросида банк тизимининг устувор вазифаларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг тижорат банкларининг инвестиция портфелларини мониторинг қилиш департаменти директори А.Қосимов, Ўзбекистон Банклари уюшмаси раиси С.Абдуллаев, “Тадбиркор аёл” уюшмаси раиси Г.Маҳмудова ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида банк-молия тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар жараёнида хусусий тадбиркорлик субъектларининг бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
“Соғлом бола йили” Давлат дастури ва давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 7 апрелда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони тадбиркорлар учун қулай бизнес муҳити яратиш, бошланғич сармояни шакллантириш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ҳамда технологик янгилаш учун кредитлар беришни кўпайтиришда муҳим дастуруламал бўлмоқда.
– Жорий йилнинг ўтган ойларида тижорат банклари томонидан тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш учун 6,3 триллион сўм маблағ ажратилди, – дейди Республика Марказий банки масъул ходими Отабек Азимов. – Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,3 баробар кўп демакдир. Мазкур маблағнинг 1,3 триллион сўмини микрокредитлар ташкил этиб, бу борада ҳам 2013 йилга нисбатан қарийб 1,3 баробар ўсишга эришилди. Бунда кичик бизнес вакилларининг миллий валютадаги ҳисобрақамлари тижорат банклари томонидан тўлов ундирилмасдан очилаётгани, уларнинг аризалари уч банк куни давомида кўриб чиқилаётгани ўз самарасини бермоқда.
Банклар томонидан тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаш учун 660 миллиард сўм, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантиришга оид лойиҳаларга 879 миллиард сўм йўналтирилди. Президентимиз Ислом Каримовнинг 2010 йил 28 июлдаги “Таълим муассасаларининг битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига биноан касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бизнес-режаларини имтиёзли шартлар асосида молиялаштиришга 124,4 миллиард сўмдан зиёд кредит маблағлари ажратилди.
Тадбир доирасида пойтахтимиздаги банк сармояларидан унумли фойдаланган ҳолда болаларга тиббий хизмат кўрсатаётган “Янги лазер чирой” масъулияти чекланган жамиятининг “Heiberg Clinic” тиббиёт масканида кўргазмали семинар ўтказилди.
Мазкур шифо маскани 2007-2009 йилларда молия муассасаларининг лизинг хизматлари эвазига замонавий ускуналар, 2012 йилда Германияда ишлаб чиқарилган лазерли ускуналарни имтиёзли кредит эвазига харид қилди.
– Янги технологиялар кўмагида беморларга ташхис қўйиш ва сифатли даволаш имконияти янада кенгайди, – дейди клиника директори Наталья Лигай. – Шифокорларимиз замонавий тиббий ускуналар имкониятларидан унумли фойдаланиб, оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида меҳнат қилмоқда. 2010 йилдан уч ёшгача бўлган болаларда нор, яъни қизил доғни даволаш бепул амалга оширилаётир. Ўтган даврда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардан келган 220 дан зиёд болага кўмак берилди.
Матбуот анжуманида журналистларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб берилди.