Имтиёз ва имкониятлар самараси
Кенг аҳоли орасида ўтказилаётган тадбирларда қарор мазмун-моҳияти, унда яратилган имкониятлар соҳа мутахассислари томонидан атрофлича тушунтирилмоқда.
Қарор ва ижро
Бухоро вилояти Бухоро тумани давлат солиқ инспекция ходимлари томонидан жойларда давлат раҳбари томонидан жорий йил 9 июнда қабул қилинган «Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» ги қарори тарғиботига бағишланган учрашувлар ўтказилмоқда.
Кенг аҳоли орасида ўтказилаётган тадбирларда қарор мазмун-моҳияти, унда яратилган имкониятлар соҳа мутахассислари томонидан атрофлича тушунтирилмоқда.
Давлат солиқ инспекция ходимлари томонидан олиб борилган тарғибот-тушунтириш ишлари натижасида уй шароитида дурадгорлик, ҳунармандчилик, устачилик, томорқачилик ва тикувчилик билан шуғулланаётган 560 нафар шахс ўзини ўзи банд қилган фуқаро сифатида рўйхатдан ўтди.

– Икки йилдан буён уйда велосипедларни таъмирлаш билан шуғулланиб келардим, – дейди «Кунжиқалъа» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Юқоринометан қишлоғида яшовчи 21 ёшли фуқаро Сафаров Ҳусниддин. – Тўғрисини айтишим керак, бу норасмий фаолиятим билан келажакда тайинли пенсия ололмасам керак, деб ўйлаб юргандим. Бугун давлат солиқ хизмати ходимларидан 2020 йил 1 июлдан бошлаб ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари кенгайтирилиб, уларни сони 67 тага етгани, шунингдек ўзини ўзи банд қилган аҳоли даромад солиғидан озод қилинганини эшитиб рости хурсанд бўлдим. Шу куннинг ўзида “Soliq” мобил иловаси орқали рўйхатдан ўтдим. Энди мен ҳақиқатда ишлаган вақтимдан қатъи назар, бор йўғи 111 минг 500 сўм тўлайман холос. Ушбу сумма тўлиқлигича бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига йўналтирилар экан.
Бухоро вилояти ДСБ матбуот хизматининг хабарига кўра, Бухоро туманида турли мавсумий меҳнат билан банд бўлган, шунингдек ўзини ўзи банд қилиб даромад топадиганлар кўпчиликни ташкил этади. Шу кунга қадар мазкур ҳудуддаги 2300 дан ортиқ норасмий даромад топиб келаётган шахсларнинг фаолияти ҳеч қаерда қайд этилмаган. Бу эса ушбу шахслар пенсия ёшига етганда нафақа тайинлаш учун талаб қилинадиган меҳнат стажи йўқлиги муаммосини келтириб чиқарарди. Мазкур қарорда кўрсатилган имтиёзларни эшитиб яширин тарзда фаолият кўрсатиб келаётган фуқаролар мавжуд имкониятдан тўлиқ фойдаланмоқда.