Президент таълим муассасалари Агентлиги тасарруфидаги Ҳалима Ҳудойбердиева номидаги ижод мактабида 24-25 июнь кунлари кириш имтиҳонлари бўлиб ўтди.
Мазкур ижод мактабига Сирдарё вилояти бўйича ва қўшни вилоятлардан ҳам ўқиш истагини билдирган 286 нафар ўқувчилардан ariza.piima.uz сайтига онлайн аризалар келиб тушган. Уч босқичли танлов жараёнларида 40 нафар ўқувчи танлаб олиниб, ижод мактабининг 7-синфига қабул қилинади.
– Икки кун давом этган ижодий имтиҳонларнинг шаффоф ва адолатли ўтиши учун барча шароитлар яратилди, – дейди Ҳалима Ҳудойбердиева номидаги ижод мактаби директори Покиза Аҳмаджонова. – Хусусан, имтиҳон топширувчилар сув ва бошқа керакли ашёлар билан таъминланди. Zoom платформаси орқали имтиҳон жараёнлари онлайн узатиб турилди. Имтиҳон топширувчиларнинг яқинлари имтиҳонларни тўғридан-тўғри кузатиб турдилар. Шунингдек, тиббий ва хавфсизлик бўйича ҳам чора-тадбирлар кўрилди. Имтиҳон натижаларини аниқлаш учун Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Президент таълим муассасалари агентлиги масъул ходимлари ҳамда Гулистон давлат университети профессор-ўқитувчилари имтиҳон комиссия аъзолари сифатида жалб қилинди.
–Набирам Фарангиз Фарҳодова адабиётга, шеъриятга жуда қизиқади. Шеърлар машқ қилади,– дейди 70 ёшли отахон Фарҳод Йўлдошев. – Ушбу ижод мактабида ўқишни давом эттиришни орзу қилиб юрганлиги боис ўзим уни имтиҳонга олиб келдим. Имтиҳон жараёнларини бир гуруҳ ота-оналар билан кузатиб ўтирдик.
Ўқув даргоҳини муҳташамлигини, халқаро миқёсдаги барча талабларга мослигини кўриб ҳукуматимизга, Президентимизга тасаннолар айтдик. Қалбимизда Ватанимизга бўлган меҳр-муҳаббатимиз, ишончимиз янада ортди. Фарзандларимизга юксак даражада шароитлар яратиб берган давлатнинг фуқаролари эканлигимиз қалбларимизга ғурур бағишлади.
[gallery-7738]
Шуҳрат Суяров,
Фурқат Тошматов, (суратлар) ЎзА.