Импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар қамрови ортмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона шаҳридаги “Сайқал” савдо ишлаб чиқариш корхонасида асосан ёшлар билан таъминланган.
Корхонада 6 турдаги ногиронлик аравачаси, болалар велосипеди, 40 турдаги рақамли ва аналогли эшитиш ҳамда ортопедик маҳсулотлар, шунингдек, каустик сода, ўт ўчириш суюқлиги ва кукуни, кўчма бурғилаш лабораторияси ҳамда фермер хўжаликлари учун сувнинг ҳарорати, лойқаланиш даражаси ва тиниқлиги, сув ҳавзасининг чуқурлиги, унинг кальций, магний ва фосфор каби кимёвий элементларга бойлигини ўлчайдиган кўчма лаборатория жиҳозлари жамланмаси, синф доскаси ишлаб чиқарилмоқда. Мазкур маҳсулотларга ҳозирда юртимизда эҳтиёж жуда катта. Чунки бу маҳсулотлар импорт ўрнини босиши ва ўз афзаллиги билан ажралиб туради. Ички бозордан ортган маҳсулотлар қўшни давлатларга экспорт қилинмоқда.
[gallery-20898]
Корхона таъсисчилигида “UD-audifon” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги Ўзбекистон-Германия қўшма корхонаси, “Farg’ona Polimer”, “Far Pribor” ва “Far-Drilling Chemicals” (“Фарғона бурғилаш кимёси”) масъулияти чекланган жамиятлари мавжуд. Корхона раҳбари, тадбиркор Абдураҳмон Ниёзовнинг сўнгги – тошдан қоғоз ишлаб чиқариш лойиҳаси ҳам нафақат республикамизда, балки минтақада ягонадир.
Умуман олганда, Ўзбекистон тошдан қоғоз ишлаб чиқариш бўйича Хитой, Тайвань, Эрон ва Япониядан кейинги бешинчи давлат саналади. Хитойлик ҳамкорлар кўмагида барпо этилган “Fergana Stone Paper” қўшма корхонаси йилига 9 минг тонна қоғоз ишлаб чиқариш қувватига эга.
Муқимжон ҚОДИРОВ(сурат),ЎзА