Республикада маҳаллий хом ашёлар асосида импорт ўрнини босувчи катализаторлар яратилгани ҳақида Ўз ФА матбуот хизмати раҳбари Моҳира Жуманова хабар беради.
Водород сулфиди ва бошқа олтингугуртли бирикмалар заҳарли ҳисобланади ва уларни табиий газ таркибида қолдириш ёки ёқиб юбориш оғир экологик оқибатларга олиб келиши мумкин.
Шунинг учун табиий газ таркибидаги олтингугуртли бирикмалар бир нечта технологик босқичлар ёрдамида ажратиб олинади ва олтингугуртга айлантирилади. Водород сулфидидан олтингугурт олиш (клаус) жараёнида алюмоксидли катализаторлар кенг қўлланилади. Олтингугуртнинг ҳосил бўлиш унуми катализатор самарадорлигига бевосита боғлиқ бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Умумий ва ноорганик кимё институти «Кимёвий технология, газни қайта ишлаш ва СФМ» лабораторияси олимлари Муборак газни қайта ишлаш заводи мутахассислари билан ҳамкорликда маҳаллий хом-ашёлар асосида олинган импорт ўрнини босувчи алюмоксид катализатор тажриба саноат синовидан ўтказилди ва ижобий натижалар олишга эришилди. Алюмоксид катализатор ишлаб чиқаришга жорий этиш учун тавсия қилинди.
Биргина Муборак газни қайта ишлаш заводининг алюмоксидли катализаторга йиллик эҳтиёжи тахминан 200-250 тоннани ташкил этади. Ҳозирги кунда ушбу катализатор Россия, Хитой каби бир қатор давлатлардан тоннаси 1 000 - 1 200 доллардан импорт қилинмоқда. Маҳаллий хом-ашёлардан олинадиган катализаторнинг таннархи эса 300-400 доллар атрофида бўлиши тахмин қилинмоқда.
Д.Маматова,ЎзА