Ҳимоя ордери берилган аёл қандай ҳуқуқларга эга?
Аёл – табиатнинг нозик хилқати. Ҳақиқатан, хотин-қизлар эътибор ва ҳимояга доим эҳтиёж сезади.
Зўравонликка учраган аёлларга ҳимоя ордери қай тартибда берилади? Ҳимоя ордери берилган аёл қандай ҳуқуқларга эга? Унинг ҳимояси учун ким масъул? Урганч шаҳрида ўтказилган тадбирда ана шу саволларга жавоб берилди.
Аёл – табиатнинг нозик хилқати. Ҳақиқатан, хотин-қизлар эътибор ва ҳимояга доим эҳтиёж сезади. Аммо ҳаёт доим бир текисда давом этавермайди. Айрим ҳолларда хотин-қизлар турли зўравонликларга ҳам дуч келади. Албатта, бундай ҳолларда уларнинг ҳуқуқлари умумий ҳуқуқий мезонларга мувофиқ ҳимоя қилиб келинган.
Вилоят хотин-қизлар қўмитаси, ички ишлар бошқармаси, маҳаллалар кенгаши ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни ва ушбу ҳужжатдаги аниқ вазифалар, унинг мазмун-моҳияти, бугунги кунда аёлларни зўравонлик ҳамда камситишлардан ҳимоя қилиш каби масалалар муҳокама қилинди.
Мазкур қонун билан зўравонлик, жинсий, жисмоний, иқтисодий, руҳий зўравонликлар, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи, тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш, тазйиқлар ва зўравонликнинг олдини олиш, муҳофаза ордери каби тушунчаларга аниқлик киритилди ва уларнинг мазмун-моҳияти очиб берилди.
– Айни дамда вилоятда ички ишлар бошқармаси ҳуқуқбузарликлар профилактикаси йўналишида янги жорий этилган хотин-қизлар масалалари бўйича 17 инспектор қиз барча туман ва шаҳарларда ўз фаолиятини олиб бормоқда, – дейди Хоразм вилояти ИИБ ҲПБ бошлиғининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари Дилноза Боғибекова. – Уларнинг барчаси махсус малакага эга тажрибали ходимлар. Бугунги тадбир давомида аёлларимизни тазйиқ ва зўравонликдан сақлашда уларга муҳофаза ордери бериш тартиби, бунда ҳамкор ташкилотлар ва ички ишлар органи томонидан амалга ошириладиган вазифалар ва ҳуқуқий меъёрлар тўғрисида тушунча ва маълумотлар берилди.
Тадбирда таъкидланганидек, эндиликда тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи аёл ўзига нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этилгани ёки уларни содир этиш таҳдиди тўғрисида ариза билан тегишли ваколатли органлар ҳамда ташкилотларга ёхуд судга мурожаат этиш ҳуқуқига эга. Шунингдек, улар махсус марказларда, ишонч телефони орқали бепул ҳуқуқий маслаҳат олади. Ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа ёрдам олиш, ички ишлар органларига ҳимоя ордери бериш тўғрисидаги талаб билан мурожаат қилишга ҳақли.
Нохуш ҳолатларнинг олдини олиш, жабрланувчининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида зўравонликка мойил шахснинг эса хулқ-атворини ўзгартиришда унга руҳий ва ижтимоий ёрдам кўрсатишга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилади. Бундай шахслар зўравонлик хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш дастуридан ўтади.
Умуман олганда, қабул қилинган қонун ҳамда давлатимиз томонидан амалга оширилаётган бу каби тадбирлар жамиятда, турмушда, иш жойларида, таълим муассасаларида ва бошқа жойларда хотин-қизларга бўлган ҳурматни ошириш, тазйиқ ва зўравонлик ҳолларининг олдини олишга хизмат қилади.