“Имо-ишора тили” курси битирувчилари тақдирланди
Пойтахтимиздаги Ёшлар пресс-клубида Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан “Имо-ишора тили” юзасидан тренерлар тайёрлаш ўқув курсини муваффақиятли тамомлаган тингловчиларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
15 кун давомида ногиронлиги бўлган ёшлар учун тингловчилар “Имо-ишора тили” малака ошириш курсида мутахассислардан 28 та мавзуда ўзбек тилидаги имо-ишораларни ўрганди.

Курслар давомида улар дактил ва имо-ишора тилининг тузилиши, ўзига хослиги ҳақида курс иштирокчиларида аниқ тасаввур ҳосил қилиш ҳамда бу нутқ шаклидан амалиётда фойдаланишни ўзлаштирди.

Жумладан, интеллектуал фаолият, танишув, касб-ҳунар, йўл ҳаракати, кийим-кечак, лавозим, мактаб анжомлари, тиббиёт, ошхона жиҳозлари, спорт, табиат, ҳуқуқ ва қонун каби мавзуларга доир сўзларни имо-ишора тили орқали ифодалаш ҳамда актёрлик маҳорати бўйича дарслар ташкил этилиб, қўшиқ ва шеърларни имо-ишора тилига таржима қилиш кўникмасини эгаллашди.

Шунингдек, курсларда ҳар бир мавзу асосида тренинг машқлар ташкил этилиб, кейс технологиясидан кенг фойдаланилди.
Курс якунида тингловчилардан дактилда диктант ҳамда якуний назорат иши олинди. Қирқ нафар тингловчининг барчаси курсни муваффақиятли якунлади. Уларга имо-ишора тилида семинар-тренинг ташкил этиш ҳуқуқига эга бўлган сертификатлар топширилди.
Гулноза Бобоева, ЎзА