Имконияти чекланган инсонларга шодлик улашилди
Юртимизда инсон қадри, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгиланган. Барча фуқаролар каби ногиронлиги бўлган юртдошларимизга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш 3 декабрь – Халқаро ногиронлар кунида янада яққолроқ намоён бўлмоқда.
Наманган шаҳрининг Давлатобод туманидаги “Туркистон” тантаналар мажмуасида сана муносабати билан ташкил этилган байрам тадбири ҳам мамлакатимизда ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда эмаслигини кўрсатди.
Туман ҳокимлиги, Ногиронлар жамияти ва Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги туман бўлими ҳамкорлигида ўтказилган тадбирга имконияти чекланган инсонлар таклиф этилди.

Давлатобод туманида бугунги кунда 3 мингга жисмоний имконияти чекланган фуқаро бўлиб, уларга жорий йилнинг ўзида бюджет маблағлари, ҳомий ва ҳамкор ташкилотлар кўмагида 60 дона аравача, 33 та эшитиш аппарати, реабилитация техник воситалари, 37 та протез-ортопедия мосламаси етказиб берилди, 257 нафарига Республика миқёсидаги даволаш-профилактика муассасаларига йўлланмалар берилди.
Тадбир давомида иштирокчиларга ташкилотчилар ва ҳомийларнинг эсдалик совғалари топширилди. Шунингдек, имконияти чекланган кишиларнинг 12 нафарига ногиронлик аравачаси берилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА