Ўзбекистон – Озарбайжон олий таълим муассасалари ректорлари I форуми
Бугунги кунда мамлакатимизда олий таълим муассасаларининг ривожланган давлатларнинг олий ўқув юртлари билан ҳамкорлигини йўлга қўйиш ва мустаҳкамлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, кейинги йилларда ўтказилган Россия – Ўзбекистон, Ўзбекистон – Туркия, Ўзбекистон – Франция, Ўзбекистон – Сингапур, Ўзбекистон – Туркия сингари ўнлаб таълим форумлари доирасида тузилган келишув ва меморандумлар доирасида юртимиз ва хорижий давлатлар олий ўқув юртлари ўртасида ҳамкорлик алоқалари тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Президентимиз, ҳукуматимиз ташаббуси ва қўллаб-қувватлаши билан мазкур йўналишдаги ишлар изчил ҳамда тизимли давом эттирилмоқда.
Хусусан, университетимиз, яъни Андижон давлат университетида Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Озарбайжон Республикаси Фан ва таълим вазирлиги ҳамкорлигида “Ўзбекистон-Озарбайжон: олий таълим соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари” мавзусида 28-29 май кунлари бўлиб ўтадиган Ўзбекистон-Озарбайжон олий таълим муассасалари ректорлари I форуми ҳам ана шу йўналишдаги ишларга бир мисолдир.
Бугунги кунда ўқитиш жараёнига халқаро таълим мезонларини жорий этиш, халқаро илмий ҳамкорликни ривожлантириш, шу орқали профессор-ўқитувчиларнинг илмий салоҳиятини юксалтириш, уларнинг халқаро маълумотлар базасидан самарали фойдалана олиш ва замонавий талабларга жавоб берадиган рақобатбардош мутахассислар тайёрлашга қаратилган методикаларини ўрганиш, ўз фаолиятларига татбиқ этиш юртимиздаги ҳар бир олий ўқув юрти фаолиятининг асосий йўналишларидан бирига айланган.
Жумладан, бугунги кунда Андижон давлат университети ҳам белгиланган режалар, давлатлараро келишувлар доирасида Россия, Туркия, Украина, Малайзия, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Жанубий Корея сингари 20 га яқин давлатларнинг 60 дан ортиқ олий ўқув юртлари билан ҳамкорликни йўлга қўйган.
Хорижий олий ўқув юртлари билан тузилган жами 80 га яқин келишув, шартнома ва меморандум асосида таълим сифатини оширишга қаратилган қатор лойиҳалар, қўшма таълим дастурлари, профессор-ўқитувчилар, талабалар ўртасида тажриба алмашинувлари, илмий-тадқиқот ишлари амалга оширилмоқда.
Университетимизда бўлиб ўтаётган ушбу нуфузли халқаро форумнинг асосий мақсади ҳам икки давлат олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, илғор муҳандислик мактаблари, технопарклар ташкил этишдир. Шунингдек, қўшма таълим дастурларини жорий этиш, академик алмашинувларни кенгайтириш, ҳамкорликда илмий лойиҳаларни амалга ошириш, профессор-ўқитувчиларнинг малакасини ошириш, қўшма илмий педагог кадрлар тайёрлаш соҳасида ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган.
Форумда Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг 50 дан ортиқ олий таълим муассасалари ректорлари бошчилигидаги 130 дан ортиқ делегациялар иштирок этади.
Форум доирасида икки давлат олий ўқув юртлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик бўйича келишув ва шартномалар имзоланиши кўзда тутилган.
[gallery-23603]
Ўзбекистон – Озарбайжон олий таълим муассасалари ректорлари I форумини юқори савияда ўтказиш учун университетимизда зарур барча тайёргарлик ишлари амалга оширилди. Ишонч билан айта оламанки, анжуман самарали ва юқори ишчанлик руҳида ўтади.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/sgznY-pIboM?si=ePuZucj2yyxrdBK-" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Бахтиёржон Акбаралиев,
Андижон давлат университети ректори.
ЎзА