МУНОСАБАТ
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ёшлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи барчамизда қизғин таассурот қолдирди ва ўзгача руҳлантирди.
Жумладан, фаол ёшлар депутат ва сенаторларга бириктирилиши бу Янги Ўзбекистоннинг янги ёшларини мамлакатимизда давлат раҳбари томонидан олиб борилаётган ислоҳотларга бефарқ бўлмасликка чақирмоқда. Яқинда таниқли сиёсатчи, Парламентлараро иттифоқнинг бош котиби Мартин Чунгонг дунё аҳолисининг ярмидан кўпини 30 ёшгача бўлган инсонлар ташкил этса-да, бутун дунё бўйича ёш депутатларнинг улуши 2,6 фоизга ҳам етмаслигини таъкидлаган. У Ўзбекистонда бу кўрсаткич олти фоиздан ошган деб баҳолаган эътирофи мамлакатимизда ёшларга берилган имкониятлар самарасини бераётганлигидан далолат.
Айниқса, янги авлод захира кадрлари яратиш мақсадида “Келажак лидерлари” лойиҳасининг йўлга қўйилиши, жумладан, ҳар йили вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари ҳоким, вазир, идора ва банк раҳбарлигига 2 нафардан ёш номзод захирасини тасдиқлаши ва иқтидорли ёшлар жорий йилдан “Эл-юрт умиди" жамғармаси маблағлари ҳисобидан чет элда стажировка ўташи ҳақидаги сўзлари ёшларга катта ишонч билдирилаётганининг яна бир кўринишидир.
Жорий йилда “Ёшлар технопарклари” қурилишлари давом эттирилади. Мазкур мажмуанинг қуриб фойдаланишга топширилиши бухоролик ёшларни хурсанд қилди. Ёшларнинг “Бизнесга биринчи қадам” стартап лойиҳалари жорий этилиб, ҳар бир тумандан камида учтадан ғолибга маҳаллий бюджетдан грантлар ажратиб берилиши, грантларнинг ўртача миқдори 50 миллион сўм қилиб белгиланиши ёшлар учун ажойиб янгилик бўлди.
Берилаётган бундай имкониятлар ҳар бир ёшни ватанпарвар бўлишга, Ватанни севишга, ўз устида тинимсиз ишлашга чорлайди.
Бобомурод Очилов,
Ўзбекистон ёшлар ишлари агентлиги
Ғиждувон тумани бўлими бошлиғи,
халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши депутати.
ЎзА