Имконият берилса, иқтидор чегара билмайди
Ҳар қандай жамиятнинг тараққиёт даражаси аввало инсон қадрига бўлган муносабат билан белгиланади. Айниқса, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларни ижтимоий ҳаётга фаол жалб этиш, муносиб меҳнат шароитлари яратиш ҳамда иқтисодий мустақиллигини қўллаб-қувватлаш инсонпарвар давлатнинг муҳим мезонларидан ҳисобланади.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг таълим олиши, касб эгаллаши ва иш билан таъминланиши учун кенг имкониятлар яратилди. Бу борада қабул қилинган қонунлар, давлат дастурлари ва ижтимоий ҳимоя тизимидаги ислоҳотлар натижасида минглаб фуқароларнинг ҳаётида туб бурилиш ясалди. Энди ногиронлик инсоннинг орзу-мақсадлари ва келажаги учун тўсиқ бўлолмайди, чунки берилган имкониятлар бунга йўл қўймайди.
Бухоро вилояти Қоракўл туманида фаолият юритаётган “Парвозплюсфайз” масъулияти чекланган жамияти ана шундай эзгу мақсадларни амалда рўёбга чиқараётган илғор корхоналардан бири ҳисобланади. Корхона ногиронлиги бўлган шахсларни иш билан таъминлаш, улар учун қулай ва инклюзив меҳнат муҳитини яратиш борасида намунавий тажриба шакллантирмоқда.

Бугунги кунда мазкур корхонада 180 нафар ходим меҳнат қилмоқда. Эътиборли жиҳати шундаки, Қоракўл тумани “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази билан ҳамкорликда 9 нафар ногиронлиги бўлган шахс доимий иш билан таъминланган. Уларнинг 7 нафари эшитиш ва гапиришида нуқсони бўлган фуқаролардир.
Корхона раҳбарияти томонидан мазкур ходимлар учун барча зарур шароитлар яратилган. Хусусан, сурдотаржимон хизмати йўлга қўйилган бўлиб, унинг харажатлари учун давлат томонидан субсидия маблағлари ажратилмоқда. Бу эса эшитиш ва гапиришида нуқсони бўлган ходимларнинг меҳнат жамоаси билан эркин мулоқот қилиши, иш жараёнларида фаол иштирок этиши ва ўз қобилиятини тўлиқ намоён этишига хизмат қилмоқда.
Аслида, бундай ташаббусларнинг аҳамияти фақат иш ўрни яратиш билан чекланмайди. Бу инсоннинг ўз кучига бўлган ишончини тиклайди, унинг жамиятдаги ўрни ва қадрини янада мустаҳкамлайди. Энг муҳими, меҳнат орқали инсон ўзини жамиятнинг тенг ҳуқуқли ва фаол аъзоси сифатида ҳис этади.

Шундай инсонлардан бири Камола Зайниддиновадир. У “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази кўмагида мазкур корхонага ишга жойлашди. Бугун эса ўзининг ҳалол меҳнати билан нафақат жамоа эътиборини қозонмоқда, балки оиласи фаровонлигига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Унинг ҳаёт йўли мамлакатимизда амалга оширилаётган инсонпарвар сиёсатнинг амалий натижасини яққол намоён этади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, ногиронлиги бўлган шахсларни иш билан таъминлаш уларнинг иқтисодий мустақиллигини таъминлаш билан бирга, ижтимоий фаоллигини ошириш, жамиятга интеграциялашувини кучайтириш ва турмуш сифати яхшиланишига хизмат қилади. Шу боис мамлакатимизда бу йўналиш давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бири сифатида белгиланган.

Бугун Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахслар учун инклюзив таълим, касб-ҳунар ўрганиш, тадбиркорликни йўлга қўйиш, иш билан таъминлаш ва ижтимоий ҳимоя қилиш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари, давлат ташкилотлари ва ижтимоий масъулиятни ҳис қилган корхоналарнинг ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этмоқда.
Қоракўлдаги “Парвозплюсфайз” корхонаси тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, имконият берилган, меҳр ва эътибор кўрсатилган инсон ҳар қандай маррани забт эта олади. Жисмоний имкониятлардаги чеклов инсоннинг қобилияти, меҳнатсеварлиги ва эзгу мақсадлари олдида ожиздир.
Бу каби хайрли ишлар мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасида олиб борилаётган сиёсатнинг амалий ифодасидир. Зеро, Янги Ўзбекистонда ҳеч ким эътибордан четда қолмайди. Ҳар бир инсоннинг муносиб ҳаёт кечириши, меҳнат қилиши ва ўз орзу-мақсадларини рўёбга чиқариши учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Ана шундай эзгу ишлар халқимиз қалбида давлатга бўлган ишончни мустаҳкамлаб, меҳр-оқибат ва бағрикенглик қадриятларини янада юксалтирмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири