Гулистон давлат университетида фалсафа фанлари номзоди, профессор Равшанбек Маҳмудовнинг 70 йиллиги муносабати билан “Маънавиятшуносликнинг долзарб муаммолари” мавзусида республика илмий-амалий анжумани ўтказилди.
Равшанбек Маҳмудов маънавий-маърифий соҳада кўп йиллар самарали меҳнат қилган фидойи олимлар биридир. Фарғона вилояти Бешариқ туманида 1955 йил 28 июнда туғилган Равшанбек Маҳмудов умрини илм, маънавият ва ахлоқ тарғиботига бағишлади. Унинг дунёқарашида фалсафа ва ҳаёт, инсон ва маънавият ўзаро узвий боғлиқ ҳолда намоён бўлади. Профессор Маҳмудов нафақат билимдон олим, балки руҳий-маънавий юксалишга даъват этувчи буюк устоз сифатида ҳам эътироф этилади.

Олимнинг маърузалари шунчаки дарс эмас, ҳар бир сўзда фикр, ҳар бир иборада ҳаётий мазмун мужассам бўлган маърифий суҳбатдир. У талаба қалбига илм билан бирга ахлоқ, тарих билан бирга ватанпарварлик, фалсафа билан бирга инсонпарварлик ғояларини сингдира олган камтарин устозлардан бири ҳисобланади.
Таниқли олим 70 дан зиёд илмий, фалсафий, адабий ва тарихий китоблар, ўқув қўлланмалар, тўпламлар муаллифидир. Унинг асарлари илмий тадқиқотчилар учун манба, кенг ўқувчилар учун эса маърифат хазинасидир. "Навоий ва Кошифий", "Дегонимни улусқа марғуб эт...", "Тафаккурнинг олмос қирралари",, “Одамлар менинг кутубхонам” каби фалсафий-публицистик тўпламлардан тортиб, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Ойбек каби буюк сиймолар ҳақидаги таҳлилларигача ҳар бир асарида миллий руҳ ва маънавий меросга муҳаббат мужассам.

Тўра Сулаймон ижодига бағишланган мақола ва китоблари орқали ижодкор Сирдарё адабий муҳитини илк тадқиқ этган маънавиятшунос олим сифатида алоҳида эътирофга сазовор бўлган.

Анжуманда университет ректори, техника фанлари доктори, профессор Муҳсин Ходжиев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси биринчи ўринбосари, шоир ва адабиётшунос Минҳожиддин Мирзо ва Тошкентдан келган бир гуруҳ олимлар сўзга чиқди. Равшанбек Маҳмудовнинг ҳаёти ва ижоди, илмий ишлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Олимнинг таълимдаги инновацион ёндашувлари, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида, маънавий баркамол қилиб тарбиялашдаги хизматлари алоҳида эътироф этилди. Унинг тадқиқотларида фалсафа ҳаёт билан уйғун, инсон ва жамият ўртасидаги маънавий боғлиқлик эса чуқур таҳлил асосида ёритилган.

–Профессор Равшанбек Маҳмудов нафақат Сирдарёда, балки бутун мамлакатимизда ўз ўрнига эга, фидокор олим ва маънавият фидойиларидан биридир, – деди Минҳожиддин Мирзо. – У киши Тўра Сулаймон ижодига бағишланган илмий ишлари, хусусан Сирдарё адабий муҳитига бағишланган таҳлиллари орқали элга танилди.

Тадбир доирасида Равшанбек Маҳмудовнинг 70 дан зиёд китоблари намуналари кўргазмаси ташкил этилди.
Анжуман якунида Равшанбек Маҳмудов эътибор ва эъзоздан мамнунлигини айтиб бу нафақат шахсий, балки мамлакатимизда маънавият ва маърифатга берилаётган юксак баҳо эканини таъкидлади.
Ғулом Примов,
ЎзА мухбири