Илму фан – Янги Ўзбекистон таянчи
Муддао ва мақсадларимиз аниқ. Уларга эришиш учун пухта ишланган дастурларимиз ва амалга оширилган ишларнинг илм аҳли томонидан қўлланиши юртнинг энг катта ютуғидир.
Ўқитувчилар мамлакат олдида турган вазифаларни қанчалик самимий қабул қилса, шу мақсадларни амалга оширишга бел боғлаб ҳаракат қилса, бунинг самараси ҳам шунчалик тез кўзга кўринади.
Янгича фикрлайдиган, замонавий талаблар асосида ишлайдиган авлодни тарбиялаш ғоят мураккаб ва бу бир кунда ҳал бўладиган иш эмас. Бунинг учун катта масъулият керак.
Янги Ўзбекистон, учинчи Ренессанс, деган сўзлар дабдабали шиор эмас, балки теран ўйланган, ҳисоб-китоблар негизида чиқарилган асосли хулосалардир. Бизда буюк тарих ва илмий мерос бор. Математика ўқитувчиси сифатида барча даврларнинг буюк математиги Муҳаммад Мусо Хоразмийнинг кўплаб асарларини такрор ва такрор ўқиганман. Бу асарлар мамлакатимизнинг интеллектуал салоҳияти, ақлий бойлигидир. Бу нодир асарлар вориси - барчамиз. Айниқса, ёш илмий изланувчилар буни чуқурроқ англаши лозим.
Очиқ айтиш керак, ишлаб чиқариш соҳаси, корхоналарда илму фан, илмий-тадқиқотлар натижаси билан қизиқиш даражаси етарли эмас. Илмий кашфиётларни излаш, унинг ортидан фойда кўриш бугуннинг энг катта вазифаси.
Рақобат бўлмаган, давлат ҳисобидан кун кўриш кайфияти устун бўлган жойда илму фан ва янгича ёндашув мутлақо бўлмаслиги табиийдир. Ишлаб чиқаришда банд бўлган фаолллар ва жамоаларни илму фан тараққиётига қизиқтирмасдан илмий изланиш натижаларини ҳаётга татбиқ этишни ҳал қилиб бўлмаслиги аён ҳақиқатдир.
Илмда ҳамжиҳатлик ва ҳамкорлик, туғилган янги ғояларни вақтида тўғри баҳолай билиш, энг мақбул ва самарали ғояларни қўллаб-қувватлаш илм кишисига ғайрат бағишлаб тураверади.
Дилфуза Эшмаматова,
Тошкент давлат транспорт университети кафедра мудири.
ЎзА