Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 3 февралдаги тегишли баёнига мувофиқ, жорий йилнинг 10-15 февраль кунлари “Илмли аёл – жамият кўзгуси” мавзуига бағишланган ҳафталик бўлиб ўтмоқда.
Ҳафталик доирасида Сурхондарё вилоятидаги Денов тадбиркорлик ва педагогика институтида ҳам қизиқарли учрашув ва давра суҳбатлари ташкил этилмоқда.

Олима аёллар, давлат стипендияси совриндорлари, илмий тадқиқотчилар иштирок этган давра суҳбатида институт хотин-қизлар маслаҳат кенгаши раиси Н.Ҳасанова ва бошқалар кейинги йилларда мамлакатимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, уларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Иқтисодий-ижтимоий, сиёсий ҳаётнинг барча соҳаларида хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш, уларнинг таълим ва касбий кўникмалар олиши ҳамда бандлигини таъминлаш юзасидан кенг қамровли ишлар амалга оширилаётгани қайд этилди. Илм-фан, маданият, санъат каби соҳаларни ривожлантиришда фаол қатнашиб, яхши натижаларга эришаётган хотин-қизлар меҳнати муносиб рағбатлантирилаётгани тўғрисида атрофлича сўз юритилди.

Янги Ўзбекистонда хотин-қизларнинг илм-фан сирларини чуқур ўзлаштиришини рағбатлантириш ва уларга кўмаклашиш мақсадида қатор имтиёзлар жорий этилди. Жумладан, мамлакатимизда 2022-2026 йилларга мўлжалланган Хотин-қизлар таълимини қўллаб-қувватлаш миллий дастури қабул қилинди. Шунга мувофиқ олий таълим муассасалари, техникум ва коллежларда, сиртқи ва кечки таълимда ўқиётган хотин-қизларнинг контракт пулларини тўлаш учун 7 йилга фоизсиз кредит бериш, давлат олий таълим муассасаларининг магистратура босқичида ўқиётган барча хотин-қизларнинг контракт тўловлари тўлиқ давлат бюджетидан қоплаб берилиши йўлга қўйилди. Шунингдек, хорижий олий таълим муассасалари бакалавриат ва магистратура йўналишлари учун ҳар ўқув йилида белгиланган ўринларга “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали қўшимча грант ажратиляпти. Кўплаб ижтимоий эҳтиёжманд оила вакиллари, етим ёки ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган талаба хотин-қизларнинг таълим контрактлари маҳаллий бюджетдан тўлаб берилмоқда.

Докторантура йўналишида хотин-қизлар учун мақсадли квоталар ажратилиши белгиланди. Кўрсатилаётган бундай ғамхўрликлар юртимизнинг олис ҳудудидаги мазкур олий таълим муассасасида ҳам хотин-қизларнинг илм-фан сирларини қунт билан ўрганиб, турли соҳаларда янгилик яратишга интилиш ва қизиқишини оширди.
Давра суҳбати иштирокчилари шу ҳақда ҳам атрофлича фикр алмашиб, институтда мамлакатимиз тараққиёти ва илм-фан ривожи йўлида изланиш олиб бораётган хотин-қизларнинг самарали меҳнатини, ижтимоий фаоллигини алоҳида эътироф этди.
Нилуфар Бозорова,
ЎзА мухбири