Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раиси Баҳром Норқобилов бошчилигидаги ишчи гуруҳ давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 31 мартда имзолаган “Ветеринария ва чорвачилик соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида амалга оширилаётган илмий лойиҳаларни кўздан кечириш мақсадида Чорвачилик ва паррандачилик илмий-тадқиқот институтида бўлди.
Мулоқот аввалида сўнгги йилларда чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик ва озуқа экинлари уруғчилигида амалга оширилаётган илмий ишланмалар, ихтиролар ва рационализаторлик лойиҳалари тақдимоти бўлиб ўтди. Тақдимотда институтнинг ёш олимлари томонидан яратилган жайдари зотли қўйларнинг “Оқчасой” типи ичида яна иккита янги линия яратиш лойиҳаси кўздан кечирилди.
Ўтган йили олимларимиз томонидан яратилган ва Интеллектуал мулк агентлиги томонидан патентланган Ўзбекистон тоғ асалариси ва чўл асаларисининг маҳсулдорлик, турли иқлимга мослашувчанлик хусусиятлари муҳокама қилинди. Мутахассислар томонидан ишлаб чиқилган “Боғ ва токзорларни асаларилар орқали чанглатишнинг замонавий инновацион услуллари” лойиҳаси кўриб чиқилди.
Паррандачиликда хонаки товуқ ва курка зотларини кўпайтириш, ўтган асрда мамлакатимизда яратилган, бугунги кунда йўқолиб кетиш арафасида турган товуқларнинг “Ўзбекистон” зоти устида илмий тадқиқотлар олиб бориш, хонаки товуқларнинг янги сермаҳсул линияларини яратиш бўйича топшириқ берилди.
Шунингдек, тақдимот давомида хонаки паррандачиликда қўлланиладиган ихчам, замонавий технологиялар намойиш этилди.
ЎзА