Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтининг Табиий фанлар факультетида “Яшил иқтисодиёт ва экологик таълим: илмий-педагогик ёндашувлар” мавзусида республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.
Мазкур тадбир яшил иқтисодиёт тамойилларини таълим тизимига татбиқ этиш, экологик маданиятни шакллантириш ва барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда илмий-педагогик ёндашувларнинг ўрни ҳамда аҳамиятини муҳокама қилишга бағишланди. Унда республикадаги олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот институтлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, профессор-ўқитувчилар, олимлар, докторантлар ҳамда талабалар иштирок этишди.

Конференция давомида яшил иқтисодиётнинг замонавий йўналишлари, экологик таълимни ривожлантириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ресурслардан оқилона фойдаланиш, таълим жараёнида экологик билим ва кўникмаларни шакллантиришга қаратилган илғор тажрибалар бўйича маърузалар тингланди. Шунингдек, экологик барқарорликни таъминлашда инновацион таълим технологиялари ва фанлараро ёндашувларнинг аҳамияти алоҳида таъкидланди.
Иштирокчилар томонидан билдирилган фикр ва таклифлар асосида экологик таълим сифатини ошириш, яшил иқтисодиёт ғояларини педагогик жараёнларга кенг татбиқ этиш бўйича муҳим хулосалар ва амалий таклифлар ишлаб чиқилди.
Конференция якунида илм-фан ва таълим соҳасида экологик масъулиятни кучайтириш, ёшлар онгида табиатга масъулиятли муносабатни шакллантириш ва яшил иқтисодиёт тамойилларини тарғиб қилиш муҳим вазифа эканлиги қайд этилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири