Куни кеча пойтахтимиздаги муҳташам «Ўзбекистон» халқаро анжуманлар саройида «Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даври ва ривожланиш истиқболлари» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Унда халқаро тажрибага эга олимларнинг маърузалари тингланди. Таълим тизимидаги ислоҳотлардан тортиб кадрлар масаласи, соҳани тубдан такомиллаштириш ва бу борада шу бугунга қадар қилинган ишлар сарҳисоб қилинди. Хорижнинг нуфузли университетларидан ташриф буюрган олимлар Ўзбекистонда илмга бўлган эътибор, олимлар салоҳияти ҳақида гапирди.
ЎзА мухбири конференцияда иштирок этган айрим олимларнинг фикрлари билан қизиқди.
Андрей Иванец, Беларусь Миллий Фанлар академияси бош илмий котиби:
–Аввало, барча ўзбек олимларини ва ўзбек халқини мамлакат мустақиллигининг 30 йиллиги билан муборакбод этаман. Мен учун шу байрам арафасида мамлакатингиз пойтахтида, олимлар даврасида муҳим масалалар ҳақида суҳбатлашиш, фикр алмашиш завқли.
Ўзбекистон тарихи, маданияти ва илм-фандаги ютуқлари шахсан мени доим қизиқтириб келган. Ўзбекистон ва Беларусь давлатлари бири-биридан айро эмас. Чунки яқин тарихга назар солсак, дунёнинг энг кўп йўқотишларини берган Иккинчи жаҳон урушида мамлакатларимиз бир фронтда туриб жанг қилган, минглаб ўзбеклар ва беларуслар жангоҳларда вафот этган. Оғриқли ва йўқотишли бўлса-да, урушда қозонилган ғалабани бирга нишонлаган.
Илмга эътибор қаратган жамият ҳар жабҳада юксалади. Сўнгги йилларда икки давлатнинг ҳамкорлиги янада яхши йўлга қўйилди. Илмий ҳамкорлик анчагина яхшиланди. Кадрлар салоҳияти ва илм-фанда инновацияларни қўллаш бўйича ҳам муҳим йўл хариталари тузилган. Тошкент ва Минскдаги ўнга яқин олий ўқув юртларида қўшма факультетлар очилган.
Анжуманда мен ўз таклифларим билан иштирок этяпман, ҳамкорликни янада кенгайтириш, соҳалар қамровини кўпайтириш тарафдориман. Зеро, икки мамлакат илмда бири-биридан ўрганадиган жиҳатлар кўп.
Фарҳод Мақсудов, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Миллий археология маркази директори:
–Энг улуғ, энг азиз байрам Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги арафасида ташкил этилган ушбу анжуман аслида Ўзбекистонда сўнгги 30 йил ичида илм-фанда қилинган жамики ишларни сарҳисоб қилиш, фикр ва мулоҳазалар алмашиш мақсадида ташкил этилган, десак муболаға бўлмайди. Шу ўринда юртимизда археология тизимида ҳам қатор ўзгаришлар бўлди. Йирик экспедицияларни қайта тикладик. Таянч экспедицияларда яна янгидан-янги тарихий жойлар топила бошлади. Тарихий ҳақиқатлар тикланяпти.
Соҳани татбиқ этиш, ёшларни касбга қизиқтириш ва археология жозибадорлигини ошириш мақсадида ҳудудларда археологлар уйи ташкил этиляпти. Энди тадқиқотчилар илмий фаолиятларини ўша ерда давом эттиради ва яшашлари учун шароит яратилади. Сўнгги йилларда археология тизимида халқаро муносабатлар ҳам яхшигина йўлга қўйилди. Ҳозирги кунда 20 га яқин давлат билан самарали ҳамкорлик ишлари давом этмоқда.
Ушбу конференцияда ўзимнинг бир қатор таклифларим билан иштирок этдим. Улардан бири археология тизимида янги, замонавий технологиялардан фойдаланиш ва унинг самаралари ҳақидаги фикрларимни айтиб ўтдим. Фан ва техника тараққий этган даврда ҳаводан туриб қаерда қандай тарихий объект борлигини аниқлаш мумкин. Буни аллақачон синаб ҳам кўрдик, ижобий самарасини ҳам берди. Кўҳна Самарқанд ҳудудида буни амалиётда қўллаганимизда 300 га яқин ҳали тўлиқ тадқиқ қилинмаган, ўрганилмаган тарихий ёдгорликлар мавжудлиги аниқланди.
Отабек Жўрабоев, Ўзбекистон Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи директори ўринбосари, филология фанлари номзоди, доцент:
–Кейинги вақтларда адабиёт соҳасида ҳам қатор ўзгаришлар, санашга арзигулик воқеликлар бўляпти. Бугунги кундаги ёш олимлар фанга ўзгача шиддат, ўзгача қизиқиш билан кириб келяпти. Улар мавзу танлашга ўзгача ёндашади, соҳани чуқур ўрганишга ҳаракат қилади. Соҳамизда, яьни адабиёт ва матншунослик йўналишида илм қилаётган ёшлар тил билишлари керак. Ўз даврида ёзилган арабий, форсий битикларни ўқий олиши зарур. Шу билан биргаликда ўзгаришларга учраган эски ўзбек ёзувидаги матнларни мукаммал ўқий олиши керак.
Бугун олимлар олдига қатор талаблар қўйилмоқда. Ҳар бир тадқиқотчи танлаган мавзусини бошқа халқаро доирада ўрганилган мавзулар билан солиштира олиши, замон билан ҳамнафас ҳолда иш олиб бориши керак. Илм ўртамиёналикни ёқтирмайди. Илмга пухталик ва мукаммаллик ярашади.
Навоийшуослик ва бобуршунослик бўйича биз кўп иш қилганмиз. Шарқ мамлакатларида олимларимиз қилган ишлар салмоғи, савияси бўйича биринчи ўринда туради, десак муболаға бўлмайди. Аммо ғарб мамлакатларига бу тадқиқотларнинг ўндан бири ҳам етиб бормаган. Бунда ёшлар елкасига катта юк тушади. Тил билиш, қилинган ишларни мукаммал ҳолида чет тилига таржима қилиб етказиш керак.
Яна бир гап: илм номига, манфаат, довруқ учун қилинмайди. Илм йўли оғир йўл. У кишидан фидойилик талаб этади. Яна бир нарсада ёшларимиз бироз оқсайди. Адабиёт кенг майдон, унинг бир йўналишида эмас, ҳар жабҳасида тадқиқотлар қилгиси келади. Бироқ чуқур таҳлил қилинмаган илм кўп яшамайди. Ёшларда тез дунёга чиқиш, илмини тезроқ оммага тақдим этиш имкониятлари бор. Бу имкониятлардан тўғри фойдаланиш керак.
Д.Маматова ёзиб олди.